Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447

Бидъат ва хурофот

07.04.2025   6518   10 min.
Бидъат ва хурофот

Бугунги кунда сиз билан биз амал қилаётган кўпгина одатларни дин ҳам, жамият ҳам рад этади. Шариат жорий қилган амаллар билан бидъат ва хурофотни айириб олиш аслида унча мушкул вазифа эмас. Даставвал, «бидъат», «хурофот» сўзларининг луғавий маъноси хусусида: «Бидъат» — сўзи айнан таржима қилинса «янгидан ўйлаб чиқилган одат» деган маънони беради. «Хурофот» эса «асоссиз» деган маънодадир. Яъни, динда асоси йўқ, беҳуда ишлар, одатлардир.

Баъзи «бидъат» ва «хурофот» амаллар борки жамиятимизда илдиз отиб, ҳам диний, ҳам дунёвий урф-одатларимизга қоришиб кетган. Юртимизда бидъат ва хурофот одатлардан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётган, бу тушунтиришни амалда исбот этаётган мусулмонларимиз кўп. Бидъат ва хурофотдан қутулиш қийин эмас. Бу масалани яхши ечиб берувчи уламоларимиз, илмига амал қилғувчи домла-имомларимизнинг сўзларини яхши фаҳм этсак кифоя.

Мазкур меъёрни билмайдиган кишиларимиз эса суннат билан бидъатнинг фарқини ажрата олмасдан хурофий ишларни Ислом дини одатларидан деб биладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурофий мункар ишларни қоралаб, бундай деганлар: “Азайимхонлик, тумор тақиш ва сеҳру жоду билан шуғулланиш Аллоҳга ширк келтириш билан баравардир”. Минг афсуски, ҳозирги пайтда бошига бирор ташвиш тушган ёки бирор нарсасини йўқотган айрим кишилар дарров фолбин ҳузурига бориб, фол очтиришга, “иссиқ-совуқ” қилдиришга, унинг айтганларини бажаришга ўрганиб қолишган. Сеҳр, яъни кўзбўямачилик, “иссиқ-совуқ” қилишлар катта гуноҳдир. Сеҳр қилингани учун олинадиган ҳақ ҳам шариатда таъқиқланган. Аллоҳ таолонинг изни бўлмаса, шайтон ҳеч кимга зарар етказа олмаслиги Қуръони каримда баён қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни етти ҳалок этувчи улкан гуноҳлар қаторида санаганлар. Мўмин киши дунё ва охиратда пушаймон бўладиган ишлардан сақланиши лозим. Сеҳрга аралашиб юрган гумроҳ кимсаларнинг аксарият қисми ишларида ширк ва куфр сўзларни қўллайдилар. Ваҳоланки, ким имон шартларидан бирини рад этса, кофир бўлади. “Иссиқ-совуқ” Аллоҳ таоло берган тақдирига таъсир этади, деб эътиқод қилиш ширкдир.

Дуохонлик, азайимхонлик, дам солиш каби одатлар қадимдан ҳамма халқларда мавжуд. Бу нарсалар ичида шаръан рухсат этилган ва рухсат этилмаганлари бор. Ислом таълимоти бу ишлардан шариатга зидларини таъқиқлаган, мос келадиганларини аниқлаб берган. Масалан, касалга ёки бошига бирон ташвиш тушган кишига оятлардан ўқиб дам солиш, ҳадисларда келган дуоларни ўқиб шифо тилаш жоиз, балки суннат ҳамдир. Аммо куфроний сўзлар, маъносиз тўқима дуоларни ўқиб дам солиш таъқиқланади. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ сўзига кўра, уламолар дам солишнинг учта шарти борлигига ижмо қилишган:

1. Аллоҳнинг Каломи, исм ва сифатларидан ўқиш;

2. Араб тили ёки бошқа тилда бўлса ҳам, маъноси маълум ва шаръий бўлиши;

3. Дуо ва дам солишнинг ўзи мустақил таъсир қилмайди, балки Аллоҳнинг изни ва тақдири билан таъсир қилади, деб ишониш.

Демак, оиламиз тинч ва омон бўлиши, айниқса, янги турмуш қурган ёш келин-куёвлар ўзаро меҳр-муҳаббат ва иноқликда яшашлари, муқаддас оила қўрғонининг янада мустаҳкам бўлиши учун аввало динимиз таълимотларини боамал бўлиб лозим даражада ўрганишлари ҳамда динимизда ёт ҳисобланган турли бидъат ва хурофатлардан сақланишлари мақсадга мувофиқдир.

Шариъатимизда ман қилинган бидъат амаллар:

Фолбинлик – ғайбни билиш даъвосидаги кимсаларнинг машғулоти. Коҳинлик, аррофлик каби номлари мавжуд.

Коҳинлик – келажакда бўладиган нарсалар ҳақида хабар бераман дейди ва бу хабарларни унга жинлар етказишини даъво қилади.

Аррофлик – турли ишларнинг бошланиш сабаблари ҳамда ўғирланган нарсаларни, уни ким ўғирлаганини ёки қаерда эканини билишини даъво қилувчи киши.

Азайимхонлик – бунда дам солувчи одам жинлардан мадад сўраб дуо ўқийди.

Авфок – бу махсус геометрик шакллар ичига ёзилган рақам ва ёзувлар. Бунда шаклларни бирор вақтга ёзиб ўзи билан олиб юрса, бахт келтиради ёки омад унинг кетидан қувиб юради деб ҳисоблайдилар.

Мунажжимлик – бунда, юлдузларнинг жойлашувига қараб бўладиган ҳодисаларни билишни даъво қилади. Ҳозирги кунда газета-рўзномаларда чиқадиган “мунажжимлар башорати” ҳам шу турга киради.

Сеҳр – луғатда “сабаби махфий бўлган нарса” маъносини англатади.

Сеҳрнинг қуйидаги турлари мавжуд:

Шаъваза – бу фокус усулида чаққон ҳаракат билан кўрсатиш.

Нушра – бу жин теккан кишининг сеҳргар ёки фолбин ҳузурига бориб даволанишига айтилади. Булар ҳам жинларнинг мададига таянади.

Мушкул кушод – мушкулларни осон қилиш мақсадида масалан, қизга совчи келмаганда, йигитга қиз топилмаганда, иши юришмаганда қилинадиган хурофот амал. Бу хурофот “Бибичоршанба” ва “Чироқ ёқди” деб ҳам номланади. “Чироқ ёқди”да азиз-авлиёлар руҳини “чақириш” учун шам-чироқ ёки пахта ёқишади.

Бибисешенба – муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш амали.

Юқоридаги барча бидъат-хурофотлар Ислом ақидасига зиддир ва улкан гуноҳ ҳисобланади.

“Кимда-ким фолбин ёки сеҳргар ёки коҳиннинг олдига бориб, унинг айтганларига ишонса, у Муҳаммадга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди” – Имом Аҳмад ривояти.

“Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, улар ўшаларнинг дуоларидан ғофил, бехабардирлар” – Аҳқоф, 5.

Бидъат-хурофотнинг жамиятга кўрсатаётган салбий оқибатлари

Бидъат-хурофотнинг исломга ва мусулмон жамиятига етказадиган катта хатарлари, оғир оқибатлари ва хавфли зарарлари мавжуд. Шу вақтгача пайдо бўлган турли диний фирқа ва гуруҳларнинг келиб чиқишига бидъат сабаб бўлганлигининг ўзи унинг нақадар хавфли иллат эканлигини билдиради. Бидъат-хурофотнинг жамият учун келтирадиган иқтисодий-ижтимоий зарарларидан саноқлиларини келтириш билан кифояланамиз:

Бидъатчи тушунчасининг бузуқлиги. У яхшиликни ёмон деб, ёмонликни яхши деб билади. Суннатни бидъат деб, бидъатни суннат деб билади. Ҳузайфа ибн ал-Яман розияллоҳу анҳу айтади: “Бидъат шунчалар тарқаб кетадики, агар мабодо бир бидъат тарк қилинса: “Суннат тарк қилинди” дейишади.

Бидъатчининг гувоҳлиги ва ривояти қабул қилинмаслиги. Муҳаддис, фақиҳлар ва усул уламолари бидъати билан куфр келтирган бидъатчининг ривояти қабул қилинмаслигига ижмоъ қилишган. Бидъати билан куфр келтирмаган бидъатчининг ривоятини қабул қилиш борасида турли фикр билдирганлар. Имом Нававий: “Агар бидъатчининг ривояти бидъатга чорламаса, унинг ривояти қабул қилинади. Агар чорласа қабул қилинмайди”, деган.

Бидъатчи ўз гуноҳи ва унга эргашганларнинг гуноҳини гарданига олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳақида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ҳидоятга чақирса унга эргашганларнинг ажри каби ажр унга берилади. Унга эргашганларнинг ажридан ҳеч нарса озаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашганларнинг гуноҳичалик гуноҳ унга берилади. Унга эргашганларнинг гуноҳидан ҳеч нарса озайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Бидъатчи бидъат ишларини тўхтатмагунича унинг тавбаси қабул қилинмайди. Бидъатнинг тарқалиши суннат амалларининг йўқолиб кетишига олиб боради натижада мусулмонларни диннинг тўғри йўлини англашида ноаниқликлар юзага келади.

Бидъат ширкка олиб боради ва исломдан чиқаради. Агар мусулмонлар қабристонда ширк амалини бажараётган бўлса, бу ўзлари маъқуллаган ва ашаддий сўфийларидан кўриб олган бидъат амаллардир.

Бидъат инсонлар ҳаётига жоҳилият асрини қайтариб олиб киради. Халқ ичида парокандалик ва низоларни уйғотади. Шунда ҳар бир фирқа ўзиникини бошқа фирқаникидан тўғри ва яхши деб ҳисоблайди. Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай дейди: “Ҳар фирқа ўз ҳузуридаги нарса ила ҳурсанддирлар”. Мўминун сурасининг 53-оятида “Бошқа йўлларга эргашманг! Бас сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар”. Айни шу нарса катта-катта уруш-жанжал, қон тўкилишлар, хўрлашлар, жабру-зулмларни келтириб чиқаради. Суннат эса инсонларни бирлаштиради, қалбларини бир-бирига боғлайди. Натижада Аллоҳ таолонинг “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деган сўзига ўхшаб бир йўлдаги ва бир диндаги аҳил оға-инига айланишади.

Бидъат шаҳвоний амаллардан ҳам хатарлироқдир. Чунки шахватпараст кимса маъсият эканлигини билса гуноҳлари учун тавба қилиб қайтади. Бидъатчи эса ўзини ибодатдаман, яхшилик қиляпман, тўғри йўлдаман деб ўйлайди. Аллоҳ таоло уларни бундай таърифлайди: “Сен: “Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир”, – дегин”.

Бидъат инсонларни Аллоҳнинг динидан тўсади. Кофирларни исломга киришига монеълик қилади. Агар мусулмон бўлмаган ва исломни ҳақиқатини билмаган инсон кўп мусулмонларнинг бажараётган жоҳилона, бидъат-хурофот амалларини, бемаъни расм-русумларни кўрса, бу ислом экан, дин шунақа бидъат ва залолат амалларга буюрар экан деб ўйлайди. Айни шу нарса уни ислом динини қабул қилишдан қайтаради.

Кофирликдан воз кечиб ислом динини қабул қилган янги мусулмонлар ҳали динни ўрганиб улгурмай, диний амал деган ўйда бидъатчининг бидъат амалларини ихлос билан қила бошлайди. Шунда исломни қабул қилган янги мусулмон куфрга олиб борадиган бидъатларни содир этиб қўяди. Бир куфрдан воз кечиб иккинчи куфрга кириб қолади.

Имрон ХОЛМИРЗАЕВ,
Тошкент ислом институти талабаси.

 

Бошқа мақолалар

Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

21.07.2025   5468   2 min.
Шайх Алижон қорининг синглиси вафоти муносабати билан таъзия

"AlQuran.uz" портали раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими бошлиғи Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдумнинг синглиси, "AlQuran.uz" портали ходими Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумнинг опаси, шунингдек, "AlQuran.uz" илмий ходими Абдусамад қорининг завжалари вафоти муносабати билан марҳуманинг яқинларига таъзия билдирамиз.

Марҳума ал-Азҳар университети талабаси бўлиб, Осим қироатининг  Ҳафс ва Шуъба ривоятлари ҳамда "ал-Муқаддима ал-жазарийя", "Туҳфатул-атфол" ва "ал-Арбаъийн ан-набавийя" каби кўплаб асарлар бўйича ижоза соҳибаси сифатида 20 йилдан бери Қуръонга хизмат қилиб келаётган эди. Хусусан, Қуръон таълими йўлида самарали меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни етиштирди.

Шунингдек, "AlQuran" мобил иловасидаги "Al-Fatiha online" дастурининг узтозаларидан бўлиб, кўплаб аёлларнинг қироатини тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Турмуш ўртоғи Абдусамад қори билан бирга уч нафар қиз фарзандни тарбиялаб, барчаларини ҳофизи Қуръон қилиб етиштирди.

Узоқ вақт оғир дард билан курашганига қарамай, Қуръон хизматида бардавом бўлди. Беморлик машаққатларига сабр қилиб, Аллоҳдан савоб умидида илм тарқатишдан тўхтамади. Шубҳасиз, бу гўзал хотима, яъни шаҳидликнинг бир белгиси. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейилган: "Ким бемор ҳолатда вафот этса, шаҳид ҳолда вафот этади, қабр фитнасидан сақланади ва эртаю кеч жаннатдан ризқи келиб туради" (Ибн Можа раҳимҳуллоҳ ривояти).

"Muslim.uz" портали марҳуманинг акаси Устоз Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ва укаси Абдуллоҳ қори Файзуллоҳ Махдумга, шунингдек, турмуш ўртоғи Абдусамад қори ва барча оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло марҳуманинг Қуръон йўлида қилган хизматларини қабул айлаб, Барзах ҳаётида ва охиратда Қуръони карим шафоати билан мукофотласин! Қуръон билан жаннатдаги даражаларини юксак қилсин! Беморликда чеккан машаққатлари жаннатдаги мартабасининг баланд бўлишига сабабчи бўлсин!

Жаноза маросими эртага сешанба 22 июль куни аср намозида, соат 17:45 да Устоз Шайх Алижон қорининг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Бойларовул қишлоғидаги хонадонида бўлиб ўтади.

Аллоҳ таоло мусибат аҳлига сабри жамил ато қилсин! Қазо ва қадарга рози бўлишларида Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин!

Марҳумага қуйидаги ҳадисда зикр қилинган улуғ даражаларни тилаймиз: "Қуръон соҳибига ўқи ва кўтарил ва  дунёда тартил қилганинг каби тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги ўқиган оятингдадир", дейилади" (Абу Довуд, Термизий ва Насоий раҳимаҳуллоҳ ривояти).