Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Октябр, 2026   |   4 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:16
Қуёш
06:34
Пешин
12:09
Аср
15:59
Шом
17:47
Хуфтон
19:01
Bismillah
15 Октябр, 2026, 4 Жумадул аввал, 1448

Дунёдаги энг қиммат нарса

08.04.2025   7424   1 min.
Дунёдаги энг қиммат нарса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир донишманддан:

— Агар ҳаётингизни қайтадан бошлаш имкони берилганида қайси хатоларингизни қилмаган бўлардингиз? — деб сўрашибди.

Донишманд шундай жавоб қилибди:

— Агар шундай имкон берилса, ўтмиш хатоларимни яна қилган бўлардим. Негаки, менинг шу даражага келишим мана шу хатоларим ва шу хатолар ортидан чиқарган хулосаларим эвазигадир.

Донишмандга берилган саволни бугунги ҳаётимизда бир-биримизга кўп берамиз. Аслида бу нарсанинг амалга ошмаслигини яхши билсак-да, ўзимизча: “Фалон-фалон ишларни қилмаган бўлардим. Фалон ишларни эса қилган бўлардим. Шунда омадим юришиб, ҳозирги ҳолатимдан анча юқори даражага эришардим”, деймиз. Аммо бир нарсани унутмаслигимиз керакки, инсон учун дунёдаги энг қиммат нарса, бу – ҳаётий тажриба. Ҳаётий тажриба эса хатолар, қийинчилик ва машаққатлар, деворга урилган бошлар ортидан қўлга киритилади. Унутилиб кетган қадим туркий удумга кўра, катталар юмшоқ салла билан, атак-чечак қилиб, юришга тиришаётган гўдакнинг  оёғини беозоргина чалишади.

Бунинг маъноси: Бола ҳозирдан йиқилишни билсин! Агар йиқилишни билса, туришни ўрганади! Эл-юртининг, қавмининг қалқони бўлиши керак бўлган ўғлон шундай тарбия топса, келажакда ҳаёт зарбаларига ҳам сабот билан туриб беролади!

Биз болаларимизни: “Хато қилма, ўзингни авайла, уни қилма-буни қилма”, деб кўп тергаймиз. Мактабда барча фандан аъло баҳоларга ўқишини истаймиз. Йиқилиб тушишидан қўрқиб, югуришига қўймаймиз-у, лекин танаси бақувват бўлишини хоҳлаймиз. Унутмаслигимиз лозимки, биз фахрланадиган аждодларимиз минглаб қоқилишлар, қийинчилик-машаққатлардан ўтиб, комилликка эришганлар. Улар ўзларидан дунёни титратувчи асарлар ва муаззам давлатлар қолдиришган.

Тўйчиев Билолхон,
Ҳадис илми мактаби ходими.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

15.10.2026   5425   1 min.
“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.

Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.

Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад —  ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари