Ҳар бир инсон орзу билан яшайди. Шу орзусига етишиш учун тинмай ҳаракат қилади.
Баъзан дуч келаётган муаммоларни ечишда ўзининг имкони бўлмаса, тегишли ташкилотлар эшигини қоқади.
Ҳар чоршанба Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги вакилликларда фуқаролар қабул куни деб эълон қилинган.
Бугун, 16 апрель куни ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллигига турли масалалар юзасидан бир неча кишилар мурожаат қилиб келдилар.
Мурожаатлар орасида оилавий, масжидларга оид масалалар, диний саволлар, моддий ёрдам сўралганлари ҳам бор.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов фуқароларни илиқ кутиб олиб, уларга зарур тавсия ва кўмаклар берди.
Фуқаролар қабулдан мамнун бўлиб, илиқ кутиб олинганидан, ўзларини қийнаган масалалар ечим топганидан шод бўлишди. Бу хайрли ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қабулларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари бош имом-хатиблари ҳам амалга оширдилар.
* * *
Буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний «Жавоҳирот» китобида инсонийлик фазилатини қуйидагича таърифлайди: «Инсонийлик, яъни мурувват кишининг ўзи, уруғ аймоғи ва ўз аҳволига таъсир этиш билан чегараланади.
Мардлик, мурувват эса ундан ҳам устун туриб, ўзидан ташқарига ҳам ўтади. Мурувватли мард киши ўзидаги ва ўзиники эканлигига ҳеч ким тортишиб ўтирмайдиган нарсадан бошқасига эгалик қилмайди.
Агар у одамларнинг осойишталиги деб машаққатларга чидаса, зиқналик қилмасдан, бошқаларга насиб этмай, унга ато қилинган нарсаларни бировларга берса, бундай одам ўшандай қудрат билан шуҳрат топган мард киши саналади; у ўзининг ҳалимлиги, мулойимлиги, иродаси мустаҳкамлиги, чидамлилиги, камтаринлиги туфайли, улуғворлиги билан танилиб, гарчи у шу мартаба аҳлидан бўлмаса ҳам, олий даражага кўтарилади. У насл насаб жиҳатидан эмас, балки ҳақли равишда (ўша сифатлари билан) эҳтиром қилинади».
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Шу кунларда Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини адо этишга тайёргарлик кўраётган зиёратчилар учун таниқли уламолар, имом-домлалар билан бир қаторда мутахассис ва отинойилар томонидан ҳам маърифий суҳбатлар узвий давом эттирилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим ходими Мунира Абубакирова ва Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Сижоат Шарипова юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан келган аёл зиёратчилар иштирокида суҳбатлар ўтказмоқда.
Шунингдек, олий тоифали шифокор Муҳаббат Саатова ҳам тиббий маслаҳатлар бермоқда.
Маърифий учрашувларда муборак заминда тоат-ибодат, дуою зикр ва зиёрат билан машғул бўлиб турган диёримиз аёлларига ҳаж ибодати рукнлари, фазилатлари ва сафарда аёлларга оид тиббий масалалар ҳам атрофлича тушунтирилмоқда. Уларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати