16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тизимидаги барча масжидлар ва диний соҳа ходимлари ушбу ташаббусга лаббай деб жавоб берган ҳолда, ҳудудларни тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллик кўрсатмоқдалар.
Масжидлар ходимлари ва кўнгилли намозхонлар нафақат зиёратгоҳлар ва масжидлар атрофини, балки маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли хонадонларини тартибга келтиришда жонбозлик кўрсатишмоқда. Айниқса, кўмакка муҳтож, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ватандошларимизнинг уй-жойлари, ҳовлилари ва атрофларини ободонлаштириб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани айни меҳр-саховат намунасидир.
Поклик — имон жавҳаридир
Ислом дини поклик ва озодаликка жуда катта эътибор беради. Сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Поклик имоннинг ярмидир», деб марҳамат қилганлар. Мусулмон киши нафақат ўз танаси ва кийимини, балки яшаб турган уйини, маҳалласини ва атроф-муҳитни ҳам доимо озода сақлаши лозим. Зеро, гўзал ахлоқ ва тозалик нафақат соғлом турмуш гарови, балки руҳий хотиржамлик манбаи ҳамдир.
«Озодалик кўнгилдан бошланади», дейди доно халқимиз. Бугун Қорақалпоғистон диёрларида олиб борилаётган бундай хайрли амаллар нафақат атроф-муҳитнинг кўркига кўрк қўшмоқда, балки инсонлар қалбида маҳалладошлик, биродарлик ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.
Хайрли ишлар, ободонлаштириш ва меҳр-саховат тадбирлари Қорақалпоғистон бўйлаб тизимли равишда давом этмоқда.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Матбуот хизмати