Ҳар бир мусулмон учун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида Ислом ахлоқига амал қилиш фарз саналади. Бунинг ичига йўлда ҳаракатланиш, пиёда ва ҳайдовчи сифатида қоидаларга риоя қилиш ҳам киради. Ислом дини фақат ибодатлар билан чекланиб қолмайди, балки жамиятда тинч-тотув яшаш ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ҳам талаб қилади.
1. Жавобгарлик ҳисси — ҳайдовчининг одоби.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин киши бошқаларга зарар етказмайди ва зарар ҳам кўрмайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисга кўра, ҳайдовчи йўлда бошқаларнинг ҳаётига, саломатлигига таҳдид солувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Йўлдаги ҳар бир ҳаракатимиз бошқаларга таъсир қилиши мумкин.
2. Қоидаларга риоя қилиш — итоат ва омонат.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Ҳукумат томонидан белгиланган йўл қоидалари кишиларнинг хавфсизлиги учун жорий қилинган. Уларга итоат қилиш – Ислом таълимотига мувофиқ ҳаракат қилишдир.
3. Шошилмаслик ва сабр - ҳаётни сақлаб қолиш воситасидир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хотиржамлик Аллоҳдан ва шошилиш шайтондандир” (Имом Термизий ривояти).
Йўлда шошиш, қонунни бузиш, ортиқча тезлик билан ҳаракатланиш –ҳайдовчининг нафақат ўз ҳаётига, балки бошқалар ҳаётига ҳам хавф туғдиради.
4. Қўполликдан эҳтиёт бўлиш ва йўлдаги одоб.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл одоблари ҳақида: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” деганлар.
Шунда “Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади”, дейишди.
У зот алайҳиссалом: “Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: “Йўлнинг ҳаққи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда бу одоблар ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ҳам долзарбдир. Йўлда ҳурмат ва одобни сақлаш, йўл бериш, ўзгаларни ҳақорат қилмаслик – мусулмоннинг одобидир.
5. Ҳуқуққа риоя қилиш — бошқаларга ёрдам
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким дунёда бир мўминни дунё ғамларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини енгиллатади. Ким бир мўминнинг қийинчилигини осонлаштирса, Аллоҳ таоло ўша инсонни дунё ва охиратда мушкулини осон қилади” (Имом Муслим ривояти).
Йўлда бошқаларга ёрдам бериш — масалан, ҳайдовчи бўлсангиз, қария ёки ногиронни олиб ўтиш, машинангизда ёрдамга муҳтож кишини олиб бориш – савобли амалдир.
Хулоса:
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш фақат давлат талабига амал қилиш эмас, балки Ислом ахлоқи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаракатда ҳам, ниятда ҳам одобли, масъулиятли ва салбий оқибатларни олдиндан ўйлайдиган инсон бўлиши лозим.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади.
Шу йил 12 июль бош имом-хатиб Мусохон домла Аббосиддинов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигида ҳудуддаги имом-хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хотамов Жамшид иштирок этди.
Йиғилишда 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар муҳокама этилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.
Йиғилишда имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўз устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳадаги эҳтиёжларини таъминлаш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарур экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, имомлар ҳудудлардаги маҳаллалар билан мунтазам алоқада бўлиб, ҳожилар билан бирга ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларнинг олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш, юрт тинчлиги ва осойишталиги учун барча бирдек масъуллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Норин тумани бош имом-хатиби ва “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Камолиддин домла Ҳамроқулов вазифасидан озод этилиб, тумандаги “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-ноиби лавозимига ўтказилди. Норин тумани бош имом-хатиби ва “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига Зикрулло домла Умурзоқов тайинланди.
Шунингдек, Уйчи туманидаги “Худойберди эшон” жоме масжиди имом-хатиби Олимхон домла Исақов, Тўрақўрғон туманидаги “Исфаҳон” жоме масжиди имом-хатиби Муҳибулло домла Худойбердиев ва Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” жоме масжиди имом-хатиби Акмалхон домла Саппановларга туман бош имом-хатиби лавозими юклатилди.
Йиғилиш якунида Наманган вилоятида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келаётган, бугунги кунда нафақа ёшига етган бир гуруҳ имом-хатиб ва имом-ноибларга вакиллик томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати