Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Семинарда 2026 йилнинг биринчи тўрт ойи давомида ҳудудларда олиб борилган маънавий-маърифий ишлар, аҳоли билан мулоқот самарадорлиги ҳамда ёшлар тарбиясига доир масалалар муҳокама қилинди.
Устувор вазифалар белгиланди
Учрашув давомида имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар аниқлаб берилди. Хусусан, масжид, зиёратгоҳ ва қабристонларнинг ободлиги ва тартибига доимий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайитига муносиб тайёргарлик кўриш ва байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш юзасидан амалий кўрсатмалар берилди.
Бош имом-хатиб нутқида маърузалар мазмунан бой, ҳаётий мисолларга асосланган ва таъсирчан бўлиши лозимлигини алоҳида қайд этди. Аҳоли, айниқса ёшлар қалбига етиб борадиган услубда тарғибот ишларини олиб бориш ва замонавий ахборот майдонида фаолликни ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Фаолият таҳлил қилинди
Жойларда аниқланган айрим камчиликлар батафсил таҳлил қилиниб, уларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Тарғибот ишларини янада фаоллаштириш ва аҳоли билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.
Семинар якунида барча имом-хатибларга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш, жойларда соғлом маънавий муҳитни таъминлаш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати