Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга бир дуо ўргатинг, мен уни намозда ўқиб юрай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон. Ва иннаҳу лаа йағфируз зунууба иллаа анта. Фағфир лий мағфиротан мин ъиндика варҳамний, иннака антал ғофуурур роҳийм”, дедилар.
Маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен ўзимга кўп зулм қилдим ва Сендан ўзга гуноҳ ларни кечирувчи йўқдир. Мени ҳузурингдан бўлган мағфират билан кечиргин ва менга раҳм қил гин! Албатта, Сен кўп кечирувчи ва ўта раҳмли Зотсан” (Имом Бухорий ривояти). Яхшилик билан мукофотласин Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимга бир яхшилик қилинса, уни қилган кишига “Жазаакал лоҳу хойрон” деса, мақтовни охирига етказган бўлади», дедилар.
Маъноси: “Аллоҳ сени яхшилик би лан мукофотласин” (“Сунани Термизий”). Бошқалардан беҳожат қилгин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. «Бир мукотаб (озод бўлиш учун тўлов тўлашга хожаси билан шартнома тузган қул) олдимга келиб: “Мен келишилган маблағни топиб бера олмай қолдим. Менга ёрдам беринг”, деди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган калималарни ўргатдим: “Аллоҳуммакфиний би ҳалаалика ъан ҳароомик, ва ағниний би фазлика ъамман сиваак”.
Маъноси: “Аллоҳим, ҳаромингсиз ҳалолинг билан менга кифоя қилгин ва фазлинг ила мени Ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин” (Сунани Термизий).
“Ҳидоят” журналининг
2025 йил 6-сонидан