27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан замонавий медиа-маконда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини ёритиб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиблари учун жорий йилнинг 30 июнь – 2 июль кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида "Ахборот хизматлари фаолияти: очиқлик, тезкорлик ва холислик бош мезон" мавзусида V миллий конференция ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби ҳам қатнашди.
Конференция доирасида ўтказилган “Media Quiz”да 9 та жамоа 5 та раундда турли соҳага оид йўналишларда билимларини синашди. Билим-ринг натижаларига кўра учта жамоа ғолиб деб топилди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Уч кун мобайнида ўтказилган тадбирлар ниҳоясига етди.
***
Шунингдек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Zakovat” интеллектуал ўйинида Muslim.uz жамоаси ҳам муносиб иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Халқимизда бахтли онларни оила, қариндош-уруғ, маҳалла, яқин инсонлар даврасида ош бериб, тантана қилиш қадим замонлардан қолган урф-одатдир. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда аксарият юртдошларимиз тўйларни камтарлик билан, оиланинг реал иқтисодий ҳолатига мос равишда ўтказиш ўрнига “ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда, керак бўлса ортиғи билан” қабилида нишонлашга ҳаракат қилаётгани ачинарлидир.
Ушбу ноодатий ҳаракатлар сабабларини аниқлаш ва таҳлил этиш бугунги кунда долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Зиёлилар вакиллари, маҳалла фаоллари томонидан халқ орасида доимий равишда тўйлар ва бошқа кундалик маросимларни ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик масалаласида олиб борилган тушунтириш ишларига қарамай, ушбу анъаналар кундан кунга кучайса кучайдики, асло пасайгани йўқ.
- Кейинги пайтларда, никох тўйларида келиннинг ота-онаси, ака-укалари ва қариндошларига совға-саломлар бериш, келин томон эса сеп учун катта сарф-харажат қилиш каби бўлмағур урфлар қулоч ёймоқда, - дейди меҳнат фахрийси Сора Розиқова. - Одатда сепга бир неча тўплам кийим, гилам ва бошқа майда махсулотлар бериларди, аммо бугун унинг ўрнига мебеллар тўплами, керакли ва кераксиз жиҳоз ва кийим кечаклар, сарполар юборилмоқда. Теранроқ ўйлаб кўриш керак, келин бўлмишнинг бор-йўғи бир кунгина киядиган либоси учун қанча пул сарфланяпти.
Маҳалла-кўйга кўз-кўз қилиб тўй қилаётган бойваччалар, “каттакон”ларга баъзан ҳавас қилиб, гоҳи ҳасад қилиб, улардан кам бўлмасликка ҳаракат қилаётганлар иқтисодий инқирозга учраяпти. Натижада қийинчиликларга бардош беролмаётган ёшлар орасида ажрашишлар тез-тез учраб турибди.
Оилаларимиздаги яна битта ўта муҳим воқеа бу, шубҳасиз, ўғил фарзандни суннат қилиш маросимидир. Бу маросим ҳам туйга, тантанага айланиб боряпти. Бу тўй ўтказилгандан сўнг, аксарият оилалар йиллар давомида қарз гирдобида қолиб кетмоқда. Уни қутилиш учун кредит олиш, ишлаш учун хорижга кетиш ҳолатларининг гувоҳи бўляпмиз. Етишмовчилик бўлган оилада жанжаллар кузатилмаслигига ким кафолат беради.
- Бундай муаммоларга ечим топиш истагида кўпгина эркаклар оиласини ташлаб, хорижга ишлаш учун кетишга мажбур бўляпти, - дейди олис қишлоқда яшайдиган дўстим. – Бундан икки йил аввал бир қишлоқдошим фарзандларига суннат тўй қилди. Тўймисан, тўй бўлди ўзиям. Пойтахтдан таниқли артистлар келди. Тўйдан кейин шу пайтгача яхшигина яшаб келаётган бу ёш оилага кўз тегди. Жанжаллар чиқа бошлади. Кейин билсак, тўй учун катта миқдорда қарз олган экан. Яшаш шароити борган сари оғирлашиб бораётган экан. Оила бошлиғи бунинг ечими ишлаш учун хорижга кетиш, деб билди. Тўғри, унинг кетиши муаммога ечим бўлди. Пул жўнатди. Қарзларидан қутилди. Уйни таъмирлади. Эндигина Ватанга қайтаман деб турганида, оила бекаси эрига хиёнат қилишда айбланди. Бу қай даражада ҳақиқат билмадиму, бир оила пароканда бўлди. Суннат тўйи бўлган ва шу тўйда бири банкир, иккинчиси шифокор бўлиш орзусини микрофон орқали баралла айтган жажжи болалар эндигина мактабга бориб, истагини амалга ошириш учун ўқишга киришганди. Афсуски, улар онасига қўшилиб, шашти сўнган ҳолда уйдан қувилди. Таъмирланган уй эса эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам номида бўлмаганлиги учун улар бу ерда қололмади.
Ҳар қандай тарғибот тадбирларига қарамасдан давом этиб келаётган маросимларга жуда кўп миқдорда пул сарфланиши, нафақат оила, балки бутун жамиятнинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Холбек КЎБАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
вилоят бўлими раҳбари.