Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказилиб келинаётган намунавий-амалий тадбирнинг навбатдагиси Бандихон туманида ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари Абдухалил домла Абдуназаров бошчилигида ўтказилган тадбирга Сурхондарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Бандихон туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, Ҳаж-2024 зиёратчилари ва маҳалла раислари таклиф қилиниб улар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар, жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар, ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган умумий ҳисобда 30 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар
Сўнг ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо қилиб, йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган хайрли ишлар”, “Меҳр-оқибат ва шукроналик фазилати”, “Тинчлик ва осойишталик қадри” ва “Масжидларни обод қилиш” каби долзарб мавзуларда маъруза қилиниб, бир юз ўттиз беш нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Бандихон тумани имом-хатибларининг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Сурхондарё вилояти туманлар имом-хатиблари иш самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳнинг фаолияти давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).