Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Биргина гуноҳим учун беш ой таҳажжуддан маҳрум бўлдим". “У қайси гуноҳ эди?” деб сўрашди. "Йиғлаб дуо қилаётган кишини кўриб, ичимда: "Бу киши риё қиляпти", дегандим…".
Имом Макҳул раҳматуллоҳи алайҳи: "Бир кишини намозда рукуъ ва сажда қилиб, йиғлаётганини кўрдим ва ичимда "у риё қиляпти!" деб унга туҳмат қилдим ва ўзим бир йил йиғлашдан маҳрум бўлдим".
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).