Мажмуанинг тўрт томонида ҳар бирининг баландлиги 75 метр бўлган 4 та минора қад ростлаган. Шунингдек, бу ерда музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа атрофи ҳам бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Ҳудудда янги йўллар, ўнлаб хизмат кўрсатиш ва сервис масканлари, савдо марказлари, меҳмонхона ва автотураргоҳлар ташкил этилмоқда.
– Имом Бухорий мажмуаси атрофининг 20 гектарида меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналар ва ташриф марказлари қурилмоқда, – дейди Пайариқ тумани ҳокими ўринбосари Рашид Исмоилов. – Жумладан, қарийб 400 ўринга эга тўрт юлдузли битта, 300 ўринга эга уч юлдузли иккита меҳмонхона барпо этилмоқда. Шу билан бирга ҳудудда автотураргоҳлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилмоқда.
Мажмуа атрофидаги маҳаллаларда ҳам инфратузилма яхшиланиб, аҳоли хонадонларигача таъмирланмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири
Ҳазорасп туманида янгидан қуриб битказилган “Ҳазрати Шайх Мухаммад Амин” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Ҳазорасп тумани ҳокими Мақсудбек Абдуллаев, шаҳар-туман бош имом-хатиблари ва масжид имом-хатиблари, маҳалла аҳли жам бўлишди.
Қуръони карим тиловатидан сўнг масжиднинг то қиёматгача Ҳақ таолога ибодат қилинадиган саждагоҳ бўлишини, халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб хизмат қилишини сўраб, бу хайрли ишга кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақига дуолар қилинди.
Маълумот ўрнида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 1600 нафар намозхонга мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати