Қиёмат кунида бандалар хавф ва умид, оғриқ ва орзу ўртасида битта нола ила: “Аллоҳим! Саломатлик насиб эт. Омонлик бер”, дея туради. Ана ўша маҳал ютганлар ва ютқизганларнинг номлари эълон қилинади: «...Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди...»[1]. Ютган одам жаннат ила сийланади.
Мўминлар жаннат анҳорларининг қирғоқларидаги маржон ва ёқутлардан бўлган чодирларга қарайди ва баланд қасрни кўради. Унинг атрофи кўп, ҳеч тугамас мевалар билан ўралган бўлади.
Шунча неъматлар ичида ясаниб олган келин кўёвига қараб туради: «У (жаннат)ларда шундай кўзларини (бегона эркаклардан) тиювчи (ҳур қиз)лар борки, уларга илгари на бир инс ва на бир жин тегингандир»[2].
Борди-ю, улардан бири дунёга тушиб қолгудек бўлса, осмонлару ернинг ораси хушбўй ҳидга тўлиб кетади. Улар ўта гўзал... Абадий... Ёқутдай ялт-ялт этадилар...
Уларга хушхабар берилиб: “Келинг, бу сизнинг қасрингиз. Жуфтингиз дунёдалик пайтингиздан бери сизга интизор”, дейишади ва шу он у мўминга энг чиройли кийимлардаги келин ўгирилиб қарайди...
Жаннатдагилар оқиб турган анҳорларни кўришади. Бу анҳорлар асалдай тотли, мусаффо бўлади. Ичган одам яйрайди.
Ибн Ражаб шундай дейди: «Ҳуру ъийнлар асал дарёси бўйида ёнбошлаб ётган мўминга бундай дейишади: “Аллоҳим суйган зот, мени Аллоҳ қачон сизга турмушга берганини биласизми?”. Мўмин: “Билмасман!” – дейди. “Сиз жазирама кунда чанқаб рўза тутаётганингизда Аллоҳ сизга назар қилди. Фаришталар сиздан ҳайбатланиб кетишди. Ва Аллоҳ айтди: “Эй фаришталарим, бу бандамга қаранглар! Кўнгли тусаган нарсаларни, лаззатларни, овқату ичимликларини менинг ҳузуримдаги нарсага иштиёқманд бўлиб тарк этди. Сизлар гувоҳ бўлинглар, Мен уни кечирдим”, деди. Кейин ана ўша куни мени сизга жуфт қилиб берди”, дейди».
Бир жуфти рўза тутгани учун, бошқаси Аллоҳдан қўрққани учун... Қуръон тиловати билан ўтганлар учун ҳам уларнинг жуфтлари ясаниб туришади. Бомдодни доим ўқувчиларники ҳам... Катта гуноҳлардан тийиладиган ва фаҳш ишлардан четда бўладиган, саҳар пайтлари истиғфор айтадиганларнинг жуфтлари ҳам ҳозир... Сиддиқлар ва шаҳидларга алоҳида келинлар безатилган... Ҳусни хулқли, ғазабини босадиганларга ҳам алоҳида жуфтлар... Қайси биримиз бу келинлар, бу жуфтлардан бош тортамиз?!
Шарафини зино ила топтайдиган кишилар бундан маҳрумдир. Дунёда Аллоҳга уруш очиб, фаҳш ишларга берилган кишилар бундан маҳрумдир. Кераксиз нарсаларга вақтини сарфлаган, фисқу фасод билан кунларини ўтказган, тунлари ғафлат уйқусида бўлганлар бундан маҳрумдирлар.
Ҳуру ъийнларни ёлғону ўткинчи, кайфу сафо ва лаззатларга алмашаётган кишиларни ким деб атаган бўлар эдингиз?!
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
[1] Оли Имрон сураси, 185-оят.
[2] Ар-Роҳман сураси, 56-оят.
Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.
Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.
Маълумот учун:
Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати