Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Сентябр, 2026   |   17 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:16
Пешин
12:14
Аср
16:24
Шом
18:15
Хуфтон
19:29
Bismillah
28 Сентябр, 2026, 17 Рабиъус сони, 1448

Нафс – инсоннинг асосий душмани

11.09.2025   9605   2 min.
Нафс – инсоннинг асосий душмани

Аслида инсон нафсига ўзини беадабларча тутишлик хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс – инсоннинг ажралмас душмани. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат этадилар: “Энг қаттол душманингиз, икки томонингиз орасидаги нафсингиздир” (Ғаззолий Муҳаммад Абу Ҳомид, “Иҳё улумид –дин”, Ажлуний, “Кашфул ҳафа”, Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Ҳазин, Ибн Одилнинг “Тафсири Лубоб” китобида шунга ўхшаш маънода келган).

Шу сабабдан ҳам кимки ўз нафсининг хоҳишларига, ҳою ҳавасларига эрк берса, ўзини ҳалок қилишда нафсига шерик бўлади. Бу ҳақиқатни яхши билган тақводорлар ҳар бир гуноҳ, лоқайдлик, ширк[1], ҳою ҳаваснинг асоси ўз нафсидан мамнун бўлишликдан ва ҳар қандай тоат, огоҳлик ва ҳаромлардан тийилишнинг асоси эса ўз нафсидан рози бўлмасликдан келиб чиқишини уқтириб ўтганлар.

Аллоҳнинг лутфу эҳсонига умид боғлаб қилинган кичкина амал ўзига ишониб бажарилган кўп (катта) ишдан афзалдир.

Ўз нафсининг асл моҳиятини билиб олган ақлли инсон унинг қанчалик паст, хору залил, ожиз ва ҳалок бўлишга маҳкум эканлигини англаши баробарида ўзини яратган Холиқини Иззат, Бақо, Қудрат, Азамат ва Улуғ сифатлари билан таний бошлайди. Чунки У ўша нафсни яратган ва уни йўқдан бор қилган Парвардигордир.

Аллоҳ ўз авлиёларига марҳамат қилиб, уларни Ўзига яқин келишга даъват этар экан, улар учун энг қисқа ва энг қулай йўлни ҳам кўрсатди. Бу йўл эса нафсга қарши бориш йўлидир.

Аллоҳ севикли бандаларидан бирининг тушида шундай марҳамат қилади: “Ўз нафсингга адоват қил, чунки Менинг салтанатимда ундан бошқа Мен билан тортишадиган яратиқ йўқдир”.

Нафс ҳар доим Аллоҳ таолонинг кибр, буюклик ва одамлар устидан ҳукмронлик каби сифатларини эгаллашга интилиб келади. Ваҳоланки, бундай сифатлар фақат Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ Ўзига нолойиқ барча қусур ва нуқсонлардан покдир!


“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Ширк икки хил бўлади — катта ва кичик ширк. Катта ширк – Аллоҳга ўртоқ, шерик қўшиш. Кичик ширк – ибодат ва фаолиятни Аллоҳ (ризолиги) учун эмас, балки таъма ёки ғараз билан, ё хўжакурсинга адо этишни англатади.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қуръон илмлари устози шайх Айман Сувайд Ўзбекистонга келди

28.09.2026   20   1 min.
Қуръон илмлари устози шайх Айман Сувайд Ўзбекистонга келди

Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.

Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.

Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.

Маълумот учун:

Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари