Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) туркий тилли мамлакатларнинг тарихий, маданий ва маънавий яқинлиги асосида ташкил этилган нуфузли халқаро тузилма ҳисобланади. Ушбу ташкилотга 2009 йилда Нахчивонда асос солиниб, туркий давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биродарлик ришталарини янада кучайтириш мақсадида фаолият юритиб келмоқда. Кенгаш нафақат давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқот майдони, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни юксалтиришнинг самарали воситасига айланган. Шу жиҳатдан, Туркий давлатлар кенгаши бугун жаҳон сиёсий майдонида ўз ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётган, халқларни умумий мақсад ва интилишлар атрофида бирлаштираётган муҳим тузилма сифатида намоён бўлмоқда. Унга Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон эса кузатувчи мақомига эга.
Ташкилот йиғилишларида “Туркийзабон давлатлар оқсоқоллари кенгаши” шўъбасида мамлакатларнинг дин бўйича етакчилари ҳам иштирок этиб келади. Ташкилотнинг 2022 йил апрел ойида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари йиғилишда иштирок этиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Туркий давлатлар диний идоралари аро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф қилганди. Орадан бир ярим йил ўтиб, 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Фатво ҳайъати тузилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташкилотнинг анжуманларида энг долзарб мавзуларда чиқишлар қилиб, муҳим таклифлар тақдим этиб келади ва улар иштирокчилар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, қардош халқлар тинч-тотувлигини таъминлаш, бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга барча бирдек саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги, дин пешволари кўпроқ тинчликни тарғиб қилиши, кенг халқ оммасини огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга даъват этиши, глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби офатлар инсониятни танг аҳволга солаётганига эътибор қаратиб, Туркий давлатлар муфтийларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган мурожаатини эълон қилиш ҳамда диний рамзлар, муқаддас китоблар ва Ислом шиорларини обрўсизлантириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ҳақидаги Туркий давлатлар муфтийлари баёнотини қабул қилиш таклифлари шулар жумласидан.
Жорий йилнинг 10-13 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги, VI йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари уммат ҳамжиҳатлиги билан ҳар соҳада ривожланиш бўлиши, уммат орасида ихтилоф, тафриқа, низолар келиб чиққанда эса турли хил кўнгилсизликлар келиб чиқиши, якка ҳолда буюк мақсадларни амалга ошириш мушкул экани, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш орқали ҳар қандай мақсад ва ташаббуслар рўёбга чиқиши осон кечишини таъкидлаб, маъруза қилдилар.
Дарҳақиқат, Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур” (Наҳл сураси, 90-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларни бирдам, ҳамжиҳат, иноқ бўлишга буюрганлар. Ўзларининг видолашув ҳажларида қилган хутбаларида биз умматларни бир-биримизга душман бўлишдан, қурол кўтаришдан қайтариб, дўсту биродар бўлиб яшашни васият қилганлар.
Йиғилишда яна бир эътиборли ҳолат шу бўлдики, Туркий давлатлар муфтийлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг муҳтарам Президентимиз фармонларига кўра “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланганини эътироф этиб, самимий қутладилар.
Тадбир давомида (11 сентябрь куни) Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди. Олий даражадаги мулоқотда муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг самимий салом ва эзгу тилакларини қардош халқ Президентига етказдилар.
Ўз навбатида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров жаноби олийлари Муфтий ҳазратларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига самимий салом ва энг яхши тилакларини етказиб қўйишини сўради.
Юртимиз уламолари бугунги мураккаб даврда дунё минбарларида туриб, бутун жаҳонда тинчликни асраб-авайлаш, халқларнинг фаровон ва тотувликда ҳаёт кечириши борасида ўзларининг долзарб чиқишлари билан дунё ҳамжиҳатини огоҳликка чақириб келмоқда. Муфтий ҳазратларининг ҳам Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашида сўзлаган нутқи дунё уламоларини уммат ҳамжиҳатлиги йўлида бирлашишга тўлақонли чақириғи бўлди.
Йиғилиш сўнгида уламолар дуои хайр қилиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига мурожаат қилдилар. Ҳазратнинг дунё мусулмонларига тинчлик-офият сўраб, туркий халқлар бирдамлиги янада мустаҳкам бўлиши ҳақидаги хайрли дуолари билан тадбирни ниҳоялаб бергани Ўзбекистон мусулмонлари уламолари, диний идораси, хоссатан, муфтий ҳазратнинг мавқеларига далолат десак, муболаға бўлмайди.
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА