Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, – дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар чиқиб аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу ишини Имом Абул Ҳасан Ашъарий, Имом Мотуридий каби зотлар аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.
Манба: https://t.me/Muslim_Podcast_uz/100
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ