Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган “Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб” номли китобни ўқиб ғоят қувондим.
Тўпламда берилган савол-жавоблар ҳар бир мўмин-мусулмон учун ниҳоятда фойдалидир. Уни ўқиган киши эътиқод, бидъат-хурофот, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва умра, қурбонлик, савдо, никоҳ, талоқ, эмизиш, қасам, назрлар, ижара, мерос, руҳий тарбия, зикр каби турли муҳим мавзуларда зарурий билимларга эга бўлади.
Китобда тўғри фатво бериш орқали инсонларни яхшиликка йўллаш, ёмонликлардан қайтариш савобли, илмсиз, асоссиз берилган ҳар қандай фатво хатарли, нотўғри экани, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб фатво бериш оғир гуноҳга йўл очиши, одамларни ихтилофга солиб қўйиши мисол ва далиллар асосида ёритилган.
Айрим кишилар илмни “дунёвий илм”, “диний илм” деб ажратишлари кузатилади. Ислом дини эса инсонларни ҳар қандай фойдали илмни ўрганишга тарғиб қилади. Зеро, илм бўлмаган жойда қолоқлик, жаҳолат, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Тўплам турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб жараёнда ғоятда керакли манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги кунда диний қадриятларимизга қарши қаратилган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган уйдирма ахборотлар, етти ёт бегоналарга кўр-кўрона эргашишлар, ёшларни залолатга бошловчи “жозибали” тасвирлар, мазҳабсизлик каби иллатларнинг асли пуч, зарарли эканини кўрсатиб бериши ўқувчини ўзига янада кўпроқ жалб этади.
Забардаст аҳли илмлар ҳозирлаган илмий манбаларни ўқиб, “Биз бошқаларга эргашувчи эмас, аксинча, доим эргаштирувчи халқ бўлиб келганмиз”, деган фахрни туйдим.
Султонхожа АРИПХЎЖАЕВ,
меҳнат фахрийси
Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ