Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Октябр, 2025   |   17 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:10
Қуёш
06:28
Пешин
12:15
Аср
16:08
Шом
17:56
Хуфтон
19:07
Bismillah
09 Октябр, 2025, 17 Рабиъус сони, 1447
Мақолалар

Тараққиётнинг тамал тоши

30.09.2025   3276   4 min.
Тараққиётнинг тамал тоши

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Салоҳиятли авлодни етиштиришни истасак, барча нарсадан олдин ушбу авлодни тарбия қиладиган ўқитувчи ва мураббийлар ҳақида қайғуришимиз лозим. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табригида: “Кейинги йилларда бутун юртимиз каби мактабларимиз қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, улар том маънода Янги Ўзбекистон тимсолига айланиб бораётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Чунки мактаб қанчалик обод ва чароғон бўлса, жамият ҳаёти шунчалик фаровон, мазмунли ва маърифатли бўлади”, дея таъкидладилар.

Юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимиз турмуши бундан-да фаровон, ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишлари учун Япониянинг тажрибасини қўллаш керак. Чунончи, Япония юксак тараққий этган давлат мақомига эришишида ўқитувчига вазирнинг маоши, императорнинг обрўси, депутатнинг дахлсизлиги қўлланилгани асосий омил бўлган.

Шу билан бирга, Японияда ўқитувчи талабаларга бундай дер экан: «Сенинг ўқишдаги муваффақиятинг Япониянинг муваффақиятидир. Муваффақиятсизлигинг Япониянинг муваффақиятсизлигидир».

Муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёс. Муаллимлик, мураббийлик ‒ буюк шараф. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари пайғамбарлар, шу жумладан, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун башариятга устоз қилиб юборилганлар.

Бу ҳақда Қуръони каримда: «У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар» (Жумъа сураси, 2-оят), деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Бугун устоз ва мураббийларимиз азиз фарзандларимизга Имом Қатода раҳимаҳуллоҳнинг бир туя китобни ёд олганини, Имом Шаъбийнинг: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деган сўзини, Ашраф Али Таҳонавийнинг қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзганини, Ибн Рушд умри давомида икки кеча: уйланган ва отаси вафот этган кеча китоб ўқий олмаганини бот-бот эслатиб туришлари мақсадга мувофиқдир. Шундагина юртимиздан яна Бухорийлар, Насафийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Термизийлар, Навоийлар етишиб чиқади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар(Имом Термизий ривояти).

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради.

Ҳадиси шарифда:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория;фойдали илм; дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”(Имом Муслим ривояти), дейилган.

Мен ўқитувчи ва мураббийларни вақт билан мусобақалашаётган, бу жараёнга шогирдларини ҳам жалб қилган кишига ўхшатаман. Ислом тарихига назар солсак, вақт билан мусобақалашиб, жуда кўп муваффақиятларни қўлга киритган уламолар борлигига амин бўламиз. Буюк ватандошимиз, дунё имом Имом Бухорий раҳматуллоҳи илмга қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадисни тўплаганида бор-йўғи 16 ёшда эди.

Шунингдек, у зотнинг 63 йиллик умри мобайнида илм йўлида амалга оширган улкан ишларини, мана, орадан ўн асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлса-да, Ислом оламидаги бутун бошли илмий-тадқиқот институтлари ўрганиб келяпти. Тадқиқотлар натижасида у зотнинг қўлга киритган муваффақиятларига барча лол қолмоқда.

Мухтасар айтганда, башарият учун ҳам, тараққиёт учун ҳам, тамаддун учун ҳам фақат бир нарса керак: бу – илм, билим ва тафаккур. Шундай экан, шарафли касб эгалари ҳар қанча таҳсинга сазовор.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз УСТОЗЛАР!

 

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби,

«Имом Бухорий» ордени соҳиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сеҳр бор нарсами ёки тўқимами? (2-қисм)

08.10.2025   4473   3 min.
Сеҳр бор нарсами ёки тўқимами? (2-қисм)

Сеҳр сафсата, хаёл ёки тўқима нарса эмас, балки у ҳақиқатдир. У эр-хотин орасини бузади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар” (Бақара сураси, 102-оят).

Унинг инсоннинг жисмига азоб бериши, турли касалликлар келтириб чиқариши, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши ҳақдир. Албатта ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан бўлади.

Қарофий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сеҳр ҳақиқатдир. У инсоннинг феъл атвори, табиати, хулқи ўзгаришига, ҳатто агар олди олинмаса ўлимга ҳам сабаб бўлади” (Ал-Фуруқ. 149/4).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ёзадилар: “Сеҳрнинг ҳақиқат эканига жумҳур уламолар иттифоқ қилганлар. Унга Қуръони карим ва машҳур бир қанча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади” (Равзат ут-толибийн. 346/9).

Уламолар сеҳрнинг ҳақ эканига қуйидаги оят ва ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

“Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан” (Фалақ сураси, 4-оят).


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилиндилар. Ҳатто у зотга қилмаган ишларини қилгандек туюларди. У зот бир куни менинг олдимда эдилар, дуо қилавердилар, дуо қилавердилар, сўнг: “Эй Оиша, Аллоҳ менга у ҳақида фатво сўраган ишимда фатво берганини сездингизми?”, дедилар.

Мен: “Нима экан у, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрадим.

У зот алайҳиссалом бундай дедилар: Ҳузуримга икки киши келиб, бири бош томонимга, иккинчиси оёқ томонимга ўтирди. Улардан бири иккинчисидан: Бу одамнинг дарди нима?, деб сўради. Сеҳрланган, деди у. Унга ким сеҳр қилди”, деди. “Зурайқлик яҳудий Лабид ибн Аъсом, деди. “У нима нарсада?, деди. Тароқ, тароқдаги (соч) ва хурмо (гули турадиган) тугунчасининг қобиғида”, деди. У қаерда?, деди. Зу Арвон қудуғида, деди.


Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан ўша қудуққа бориб, унга қарадилар. Унинг устида хурмо дарахти бор экан. Кейин Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг олдиларига қайтиб келиб: “Аллоҳга қасамки, у (қудуқ)нинг суви ивитилган ҳинага ўхшаб кетибди, хурмолари эса худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди”, дедилар.

“Ё Расулуллоҳ, уни чиқариб ташладингизми?”, деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: Йўқ, Аллоҳ менга офият ва шифо берди. Одамларга ундан бирор ёмонлик қўзғаб қўйишдан қўрқдим”, дедилар. Сўнгра уни кўмиб ташлашга буюрдилар” (Имом Бухорий. 5766; Имом Муслим. 2189).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийлардан бири сеҳр қилди. У зот алайҳиссалом бир неча кун бетоб бўлдилар. Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб: “Яҳудийлардан бир киши сизга сеҳр қилди, тугун тугиб, фалон қудуққа (ташлади)”, деган хабарни берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юбориб, уни чиқартириб, ечиб юбордилар. Шунда у зот алайҳиссалом енгил бўлиб, туриб кетдилар. Бу ҳақда ўша яҳудийга ҳеч нарса демадилар ва у билан юзма-юз ҳам келмадилар” (Имом Насоий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД