Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган илмий-амалий семинар доирасида вилоят бош имом-хатиблари ўзларига бириктирилган ҳудудларга чиқиб, масжидлар ва улардаги имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бундан кўзланган мақсад, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжидни бошқариш йўналишидаги фаолияти билан яқиндан танишиш, улар билан биргаликда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, уларга амалий кўмак ва маслаҳат беришдир.
Амалий жараёнда устав асосида иш ва ҳужжат юритиш, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш каби ҳолатлар алоҳида кўриб чиқилди.
Ўрганишлар натижасига кўра масжидларда яратилган шароит ҳамда имом-хатиб бошчилигида масжидлар жамоаларининг фаолиятига ижобий баҳолар берилди.
Шунингдек, имом-хатибларга масжидларнинг молиявий ишларига доир фаолиятни тартибга солиш, тушумлар шаффофлигини таъминлаш ва муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш ишларига доир зарурий кўрсатма ва муҳим тавсиялар бериб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаётнинг бўронли кунларию ўткир тиғли ҳанжарлари унга озор беришига қарамай Аллоҳнинг қадари ва иродасига рози бўлиб уйқуга кетган, маҳзунлик унинг қалбига киришга йўл топа олмаётган, кўз ёшлар эса кўзига ҳеч ўрнаша олмаётган ва фарзанди, суюкли инсонлари, ота-онаси ёки дўстларини йўқотган барча инсонларга айтар гапимиз: Аллоҳ ажрингизни улкан қилиб берсин! Даражангизни олий қилсин! Синиқлигингиз ўрнини Ўзи тўлдириб берсин! У зот бундай марҳамат қилади:
﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ﴾
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг жисмдаги ўрни кабидир”. Шунинг учун сиз сабрингиз эвазига бериладиган мукофот – Фирдавс жаннатини қўлга киритишингиз сизга хушхабар бўлсин! Тез орада сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам муваффақият қозонган инсон эканингизни биласиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига бундай дейди:
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾
“Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
Шуъла: Ўзингизга бўлган ишонч умрингиз қандай бўлишидан қатъий назар сизга янги ғоялар ижод этишингиз ва ўз касбингизда янги марраларни забт этишингизга ёрдам беради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан