حدثنا العباس الدوري نا الحسين بن علي الجعفي عن الحسن بن الحر عن القاسم بن مخيمرة قال: أخذ علقمة بيدي وقال: أخذ عبد الله بن مسعود بيدي قال: أخذ رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم بيدي فعلمني التشهد للصلاة: ”التحيات لله والصلوات والطيبات السلام عليك أيها النبي ورحمة الله وبركاته السلام علينا وعلى عباد الله الصالحين أشهد أن لا إله إلا الله وأشهد أن محمدا عبده ورسوله.“
Алқама айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд қўлимдан тутиб бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам қўлимдан ушлаб, намоз учун ташаҳҳудни (бундай) ўргатдилар: “Аттаҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаат. Ас-салааму ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ас-салааму ъалайна ва ъала ъибаадиллааҳис-соолиҳийн. Ашҳаду аллаа илаҳа иллааллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳуу ва Расулуҳу”.
Ташаҳҳуднинг маъноси: “Саломлар, дуолар ва пок нарсалар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга салом ва Аллоҳнинг раҳмату баракоти бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад Аллоҳнинг Расули ва бандаси, деб гувоҳлик бераман”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиш босқичида маҳалла институти давлат ва жамият ўртасидаги олтин кўприк вазифасини ўтаб, ислоҳотларнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Айниқса, 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ушбу тизимни янги сифат босқичига олиб чиқди.
Бугун маҳалла шунчаки маъмурий ҳудуд эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бевосита жойида ҳал этиладиган энг халқчил тузилмага айланди.
Маҳалланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, аввало, унинг бетакрор тарбия мактаби эканлигида намоён бўлади. «Бир болага етти маҳалла ота-она» тамойили асосида шаклланган муҳит ёш авлод қалбига миллий қадриятларни сингдириш, катталарга ҳурмат ва жамоавий масъулият ҳиссини уйғотишда беқиёс аҳамиятга эга.
Жорий йилда маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирларнинг янгича мазмун касб этиши, кексалар ўгити ва жамоатчилик назоратининг кучайиши жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтирмоқда.
«Маҳалла еттилиги» тизимининг тўлиқ мустақиллиги ва уларга берилган кенг ваколатлар натижасида «хонадонбай» ишлаш механизми ўз самарасини бермоқда. Маҳалла бюджетининг шакллантирилиши эса инфратузилмавий муаммоларни — йўл, ичимлик суви ва энергия таъминоти каби масалаларни тезкор, манзилли ҳал этиш имконини берди.
Шу билан бирга, маҳалла тинчлик ва ижтимоий адолатнинг бош кафолатидир. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳар бир маҳалла билан узвий боғлангани ёрдамга муҳтож қатламни аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлашда шаффофликни таъминлади.
Профилактика инспекторлари ва фаолларнинг ҳамкорлиги натижасида «хавфсиз маҳалла» тамойили ҳаётга татбиқ этилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва оилавий тотувликни асраш борасида мутлақо янги тизим яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла — кучли фуқаролик жамиятининг пойдеворидир. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечиришига, давлатнинг халққа янада яқинлашишига хизмат қилмоқда. Зеро, маҳалла обод ва тинч бўлса, бутун мамлакатда барқарорлик ва юксалиш бардавом бўлади.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши тумани “Чим” жоме масжиди имом-хатиби