Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Ақоид имомлари ҳақида уламоларнинг фикри

03.10.2025   18172   2 min.
Ақоид имомлари ҳақида уламоларнинг фикри

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида «Бу илмни кейинги келган одамлардан тақводорлари кўтариб юрадилар, улар илмни ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришидан, ботилга чиқарувчиларнинг динни ўзиники қилиб олишидан ва жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қиладилар», деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган олимлардан эди. Шу сабабли уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни «Имамул ҳуда», «Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна» деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ «Аъламул ахёр» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: «Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди».

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ «Завожир ан иқтирофил кабоир» китобларида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган:

«Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳнинг эътиқодлари назарда тутилади». Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган: «Шуни билки, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан».

Юқоридаги эътирофлардан кўриниб турибдики аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асосчиси бўлмиш икки қутб имоми Имом Мотуридий ва Имом Ашарийлар тузган ақида манҳажлари албатта энг тўғри манҳаж ҳиссобланади.

Шарифхон Пайзуллаев,

Наманган шаҳри "Ҳомиддин қори" жоме масжиди имом-ноиби

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   1952   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар