Бугун, 4 октябр куни Бухоро давлат техника университетида “Таълим ва одоб-аҳлоқда Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг ўрни” номли халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Унда Малайзиядаги Жаҳон суфийлар маркази бош котиби шайх Абдулкарим бин Ҳадид, индонезиялик профессор, доктор шайх Али Масийкур Мусо, россиялик шайх Мавлон Дилдор Сафарали, бангладешлик шайх Сафиул Аъзам Ходим каби таниқли уламолар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Халқаро илмий йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков нуфузли олимларни юртимизга ташрифлари билан қутлаб, ушбу анжуман Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини чуқур ўрганиш ва тасаввуф илмлари ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этишда яна бир босқич бўлишини эътироф этди.
Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанддан кейин “нақшбандия” номи билан кенг танила бошлаган хожагон-нақшбандия тариқати ислом оламида вужудга келган илк сўфийлик тариқатларидан бири ҳисобланади. У аксарият тариқатлардан фарқли равишда, пайдо бўлган ватани — Ўрта Осиёдан бошқа кўпгина ўлкаларда ҳам тарқалган. Сўфийлик тариқатлари орасида биринчилардан бўлиб таркидунёчиликка қарши ижтимоий фаол турмуш тарзини тарғиб қилган. Баҳоуддин Нақшбанд илгари сурган “Дил ба ёру — даст ба кор”, яъни “Дилинг Худода, қўлинг ишда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам бу тариқатнинг мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди.
– Сўнгги йилларда маънавий-маърифий қадриятларимизнинг тикланишига юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Ҳомиджон домла Ишматбеков. – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам ва бошқа сўфий алломалар мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, бутунлай янги қиёфага кирди. Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази фаолият юритяпти. Ушбу марказ ташаббуси билан 2018 йилдан буён “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали нашр этиб келинади. Анъанавий тарзда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида ҳар йили сентябрь ойи учинчи жума куни Республика нақшбандхонлик илмий-амалий анжумани ўтказиб келинади.
Анжуманда сўзга чиққанлар юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялашда ҳамда бузғунчи ақидапараст ва диний-экстремистик ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳар қандай руҳий-маънавий даражанинг боши – ҳақиқий ва самимий тавбадир. Усиз навбатдаги мартабаларга эришиш мумкин эмас. Самимий тавба қилгувчини эса Аллоҳ таоло севади. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи Қуръони каримда марҳамат этади:
“Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
Бу “Аллоҳ гуноҳлардан тавба қилувчиларни мукофотлайди, уларга эҳтиром кўрсатади ва У маънавий кирлардан ўзларини покловчиларни яхши кўради” деганидир.
Баъзи муфассирлар бу ояти жалиланинг маъносини “гуноҳлардан пушаймон бўлиш”, “лоқайдликдан покланиш”, дея талқин этадилар.
Аллоҳ яна марҳамат қилади: “Кимлар тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзларидирлар” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Илоҳиётчилар айтадилар: “Золим кимсаларнинг ўзларидирлар”дан мурод, исёнларида қатъий туриб, ўзларини зулмга гирифтор этганлардир”.
“Ат-Тавилат ан-нажмийя” китобида ёзилган: “Ким тавба қилмаса” дегани “кимки шайтоний даъво, шайтоний сўздан тавба қилмаса” дегани бўлиб, бу ерда ўзига юқори баҳо бериб, ўзгаларни камситадиган ва назарларига илмайдиганлар назарда тутилган.
“Ўшалар золим кишиларнинг ўзлардирлар” дегани эса “улар лаънатланганлар, раҳматдан маҳрум этилганлар ва ҳайдалганлар орасида шайтон билан биргадирлар”, деган маънони англатади.
Зеро, Аллоҳ Ҳуд сурасининг 18-оятида айтган: “Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур!”.
Илоҳий каломларда тавбани инкор этгувчининг золим экани ҳақида рад этиб бўлмас далил бор. Шунинг учун улар ўзларининг барча пасткашликларидан, гуноҳларидан, айниқса, юқорида зикр этилган гуноҳларидан Насуҳ каби чин тавба қилмоқлари ғоятда зарурдир!
Қул гуноҳ қилганида уни зулмат чулғайди. Агар гуноҳни мисоли олов — гулхан дейдиган бўлсак, ундан ҳосил бўладиган тутунни қоронғулик — зулмат дейишлик мумкин. Ахир уйда етмиш йил ўт ёқилган бўлса, у қорайиб зулматга айланмайдими?! Шу каби қалбнинг ҳам тўхтовсиз исёнлардан қорайиб кетиши аниқ ҳол. Унинг “қурум”лари эса фақат чин тавбадан кейингина тозаланиши мумкин.
Шуни билингки, итоатсизликда инсонга ошкора ва пинҳона таъсир этиш бор. Пинҳоний таъсир – бу қалбнинг қаттиқлашуви (тошбағирлик), кучли ҳис-туғуларнинг кўпайиши[1], нафснинг қайсарлиги, унинг ёмонликларига кўр-кўрона эргашиш, Аллоҳга ибодатдан лаззатнинг йўқолиши, шунингдек, Аллоҳга яқинлашишга халал берувчи машғулотларнинг кўпайишидир. Агар Аллоҳга исён ва гуноҳ қилишликда инсон номининг (“итоаткор”дан “исёнкор”га) алмашишидан ташқари бирор бошқа ёмонлик бўлмаган тақдирида ҳам шунинг ўзи унинг учун етарли танбеҳ ва жазодир.
Яратганга итоатли бўлганни “яхшилик қилувчи” дейишади-ку... Исён этганнинг номи эса “осий”, “ёмонлик қилувчи”, “Яратгандан юз ўгирувчи”га чиқади. Буларнинг бари ҳали фақат ном ўзгаришига тааллуқли... Энди “Яратганга итоаткорлик лаззати”ни “фисқу фужур нашъа”сига, “Парвардигорга хизмат завқи”ни “беҳаёлик, шармандалик завқи”га алмаштириб, бир ўйлаб кўринчи!..
Билингки, юрак мисоли дарахт, унинг илдизи Аллоҳга итоат суви билан суғорилади, унинг мевалари эса тананинг бошқа аъзоларидан содир бўлажак солиҳ амалларга ўхшайди.
Шундай экан, биз учун энг муҳим масала – ҳақиқий, самимий тавба қилиш йўли билан нафсимизни поклашимиз, яхшилашимиз ва камолга етказишимиздир. Шунинг учун Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Мен умматимнинг бошқа гуноҳларидан кўра уларнинг ҳою ҳавасга берилишликлари ва дунё учун узундан-узоқ орзулар домига гирифтор бўлиб қолишликларидан кўпроқ қўрқаман. Зеро, ҳою ҳавас кишини Ҳақдан, узун орзулар уни охиратдан чалғитади” (Шаъбул Иймон китобида Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай келган.)
Шундай экан, тавба қилувчи банда Яратгандан кечиришини тўхтовсиз сўраб, гуноҳлари учун доимо афсус-надомат чекиб, ўз нафсига нисбатан қаноатланмаслик ҳиссини туйиб туриши лозим.
Илоҳиёт олимлари айтадилар: “Тавба бу – бандани охирги дамигача чулғаб олгувчи қўрқувдир”.
Чин кўнгилдан тавба қилган банда учун энг аввало, хафа қилганларининг кўнглини топиб, розилигини олиши, қарзларини эгаларига қайтариши ва яна бошқалар олдида неки бурчлари бўлса уларни адо этиши шарт қилинган. Буларни бирдан бажаришнинг иложи бўлмаганида эса имкон бўлиши билан адо этишни қасд этмоғи лозим. Масалан, қарз берган кишидан муҳлат сўраб, имконияти бўлиши билан омонатни адо этишига уни ишонтириши керак!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Исёнкорнинг қалби гуноҳлардан шу даражада қотиши мумкинки, у ҳатто Аллоҳни эслаш ва панд-насиҳат билан ҳам юмшамаслиги мумкин. Шаҳвату эҳтирос уни шу даражада қамраб оладики, яхши нарсаларга ўрин қолмайди. Бу ҳолатда нафс ўз эгасига итоат этмай қолади.
[2] Бу ерда фақат эшитиш эмас, балки Қуръон маъносини, амрларини, ҳукмларини ҳаётига татбиқ этиш ҳам тушунилади - Муҳаррир.