Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2025   |   3 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2025, 3 Жумадул сони, 1447
Мақолалар

Амаллар ёзиладиган дафтар уч турлидир

24.10.2025   8641   4 min.
Амаллар ёзиладиган дафтар уч турлидир

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай деган: “Биз Қиёмат куни адолат тарозуларини қўямиз. Бас, ҳеч бир жонга зулм қилинмас. Агар (амал) хантал донасича бўлса ҳам, уни келтирамиз. Биз ўзимиз ҳисоб-китоб қилишга кифоядирмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).
Бу оятнинг зоҳиридан маълум бўладики, ҳар бир инсоннинг амаллари учун ўзига хос бир тарози бўлади: савоб ишлар бир паллага, гуноҳ ишлар иккинчи паллага қўйилади. У тарози адолат билан ишлайди, унда дунё тарозилари каби уриб қолиш, камайтириб кўрсатиш йўқ.
Оятдаги "хантал донасича бўлса ҳам, уни келтирамиз" дегани — ҳар қандай кичик амал ҳам ҳисобдан четда қолмаслигини англатади.

“Биз ўзимиз ҳисоб-китоб қилишга кифоядирмиз” — яъни Аллоҳнинг ҳисоб-китоби аниқ ва мукаммал бўлади.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳнинг ҳузурида амаллар ёзиладиган дафтарлар уч турли бўлади. Бир дафтар борки, Аллоҳ унга эътибор бермайди, иккинчи дафтар борки, Аллоҳ ундан ҳеч нарсани қолдирмай ҳисоб қилади, учинчи бир дафтар борки, Аллоҳ уни кечирмайди.

Кечирилмайдиган дафтар — ширк дафтари. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур” (Моида сураси, 72-оят).

Эътибор берилмайдиган дафтар — инсоннинг ўз нафсига нисбатан қилган зулми: яъни Роббиси билан банда ўртасидаги ҳақларда камчилик қилиш — намозни тарк этиш ёки рўзани тутишни қолдириш кабилар. Аллоҳ хоҳласа бундай гуноҳларни кечиради ва афв этади.

Бирор нарсаси қолдирилмайдиган дафтар — инсонларнинг бир-бирига нисбатан зулм қилиши. Аллоҳ у ҳақда албатта қасос олади” (Имом Аҳмад ривояти).


Бу ҳадис одамларнинг амаллари қай тарзда баҳоланишини кўрсатувчи улкан меъёрдир. Демак, одамларнинг амаллари уч тоифада ёзилади:
1. Аллоҳ эътибор бермайдиган дафтар — инсоннинг ўз нафсига зулми, ибодатдаги камчиликлари.
2. Аллоҳ ҳеч нарсани қолдирмайдиган дафтар — инсоннинг бошқаларга қилган зулми.
3. Аллоҳ кечирмайдиган дафтар — ширк ва куфр, яъни Аллоҳнинг шериги бор дейиш.

Бу уч дафтарнинг ичида энг хавфли ва энг даҳшатлиси — ширк ва куфр дафтари, чунки у Аллоҳни таниш, унга иймон келтириш ва уни ягона деб билиш масаласига зиддир. Инсоннинг эътиқоди бутун умри ва амалига таъсир кўрсатади.
Ундан кейинги энг оғир ва хатарли дафтар — одамларнинг бир-бирига зулм қилишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Қасос бўлмай қолмайди” — яъни ҳар бир зулм учун албатта қасос бўлади. Бу эса, Аллоҳнинг ҳузурида зулмнинг қанчалик катта гуноҳ эканини кўрсатади. Аллоҳ зулмни Ўзига ҳам ҳаром қилган ва бандалари ўртасида ҳам ҳаром этган. Шу сабабли, бошқаларнинг ҳақи Қиёмат кунида мутлақо йўқолиб кетмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ золим қавмни ҳидоят этмас” (Тавба сураси, 19-оят), “У золимларни севмайди” (Шўро сураси, 37-оят), “Золимлар нажот топмаслар” (Юсуф сураси, 23-оят).

Қуръоннинг барча оятларида зулм — энг ёмон разолат ва энг катта гуноҳ сифатида кўрсатилади. Шу сабабли, барча шариатлар зулмни йўқотиш учун, пайғамбарлар адолатни қарор топтириш учун юборилганлар: “Биз Расулларимизни аниқ далиллар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун тарозуни нозил қилдик” (Ҳадид сураси, 25-оят).

Зулм — фақат ижтимоий муаммо ёки одамлар ўртасидаги муносабатларга оид масала эмас. У кенг маънода инсоннинг Роббисига қилган зулми, ўзига қилган зулми ва атрофдаги мавжудотларга қилган зулмини ҳам ўз ичига олади. Инсоннинг Роббисига зулм қилиши — энг оғир маъсиятдир. Бу — куфр ва ширкдир. Шунинг учун ҳазрати Луқмон ўғлига насиҳат қилиб бундай деганлар: “Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма! Албатта ширк — жуда катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).

Ширкнинг “катта зулм” деб аталиши сабаби — у барча ҳақлар ичидаги энг асосийси — Аллоҳнинг ҳаққига тааллуқли эканидадир.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти

21.11.2025   5988   2 min.

Маънавий озуқа олишнинг, чин инсон бўлиб етишишнинг асосий йўли — китоб мутолаасидир. Инсон камолоти манбаи ҳам китобдир. Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг дунёқарашини кенгайтириб, нутқини ўстирувчи, хотираси ва фикрлаш қобилиятини мустаҳкамловчи маънавий сарчашмадир. Ана шундай бебаҳо асарлардан бири — Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан тасниф этилган “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” номли китобдир.

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги томонидан мазкур асарнинг тақдимоти ўтказилиб, тадбир кўтаринки руҳда ўтди.

Тадбирни Сирдарё вилояти бош имом-хатиби, устоз Ҳабибуллоҳ домла Зокиров очиб бериб, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Эй бандаларим... Бир қудсий ҳадис шарҳи” китоблари бугунги кун ва келажак учун ўта долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. У киши асарнинг халқимиз, имомлар, ноиблар ва отинойилар учун манфаатли бўлишини Яратгандан сўрадилар.

Китоб муқаддимасида ҳар бир ўқувчи Устоз Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг марҳум ота-оналари ҳақларига дуо қилиш илтимоси келтирилгани ҳам айни муддаодир. Чунки ота-она хизматини инкор этиб бўлмайди — олим фарзанднинг ҳар бир ютуғида уларнинг меҳри ва дуоси турган бўлади.

Шунингдек, ҳазратнинг “Ёшларга насиҳатим” китоблари ўзбек ва рус тилларида чоп этилаётгани ҳам муборак хабар сифатида қайд этилди. У киши томонидан ёзилган “Исломда Ватан тушунчаси”, “Фитна – кўз илғамас хатар”, “Ҳаж — буюк ибодат”, “Умра — улуғ амал” каби асарлар ҳам ҳар биримиз учун муҳим қўлланма экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида вакиллик ўринбосари Султон Жангиров, Абдурауф домла Ёрбеков, Оқолтин тумани бош имом-хатиби Мансуржон Исмаилов, Боёвут тумани бош имом-хатиби Файзуллоҳ домла Эшбеков китоб ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, Ховос ва Мирзаобод туманлари бош имом-хатиблари ҳам асарнинг аҳамияти, имомлар, ноиблар ва барча диний соҳа ходимлари учун муҳим манба эканини қайд этиб ўтдилар.

Гулистон шаҳар бош отинойиси Мавлуда Йўлдошева ҳам асарнинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди ва тақдимот кўтаринки руҳда ўз ниҳоясига етди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сирдарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти Маънавиятга чорлов: “Эй бандаларим...Бир қудсий ҳадис шарҳи” асарининг тақдимоти
Ўзбекистон янгиликлари