Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур нуфузли халқаро маънавий-маърифий конгрессда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ташрифлари ҳам кутилмоқда.
“Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик” мавзусидаги мазкур халқаро конгресс минтақанинг 300 га яқин илм, санъат, маърифат, маданият вакиллари, тадқиқотчилару олимларини бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда.
Мазкур халқаро конгресс Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган минтақанинг маданий ва тарихий меросини бирлаштириш, бой маънавий, маданий ва илмий меросга эга ҳудуд сифатидаги аҳамиятини кўрсатиш ҳамда янги интеграцион ташаббуслар учун замин, бир сўз билан айтганда, ягона маданий макон сифатида тарғиб қилиш каби муҳим мақсадлар йўлидаги муҳим қадамдир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида қатор вазирлик ва ташкилотларнинг масъуллари иштирокида ушбу нуфузли халқаро тадбирни юқори савияда ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда масъул вазирлик ва ташкилотларнинг мазкур халқаро тадбирдаги вазифалари ва уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги мажбуриятлари кўриб чиқилди.
Конгресс қатнашчилари ва меҳмонлари учун нуфузли тадбир мақсадига ҳамоҳанг маданий-маърифий тадбирлар, қатор илмий мавзуларда муҳокама йиғилишларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.



Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов конгресснинг илмий ва маънавий аҳамиятини таъкидларкан, “Бу форум Марказий Осиё халқларининг умумий маданий илдизларини янада яқинлаштиради” деди.
Конгресс доирасида ялпи йиғилиш ва бир нечта шўъба йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда халқаро ва маҳаллий экспертлар, илм-фан, маданият соҳаси вакиллари иштирок этадилар.




Шунингдек, анжуман доирасида кўргазмалар, маданий дастурлар ва илмий нашрлар тақдимоти ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Кўргазмаларда Марказий Осиё мамлакатларининг машҳур муаллифларнинг дурдона китоблари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши, рассомларнинг фотокўргазмалари кутиляпти.
Шунингдек, халқаро конгресснинг маданий тадбирлари доирасида Марказий Осий ва Озарбайжон кино кунлари ўтказилиши ҳам режалаштирган.
Йиғилиш якунида барча идоралардан ушбу белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, халқаро конгрессни юқори савияда ўтказиш бўйича масъул вакиллар белгиланиб, тадбирни мувофиқлаштирувчи Махсус штаб тузилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу тадбир нафақат ижодкорлар ва олимлар мулоқотини кенгайтиради, балки минтақавий маданий алоқаларни мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширади.
https://cisc.uz/ky/news-item/692/
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД