Жорий йилнинг 23 октябридан 2 ноябрига қадар Ҳаж ва умра маркази томонидан умра сафарига бориб келган зиёратчилар сафар давомида ўзларига кўрсатилган хизматлардан жуда мамнун бўлишди.
Мадинаи мунавварада Равзаи шарифга кириш, Уҳуд тоғи, Қубо масжиди зиёратларидан бир олам тассуротлар олиб, эҳром боғлаб Маккаи мукаррамага келган зиёратчиларнинг ҳаммаси ибодатларини адо этишди.
Каъбатуллоҳ тавофи, беш вақт ва нафл намозлар билан бир қаторда Арафот, Нур, Савр тоғлари ҳамда Мино, Муздалифа водийлари каби муборак қадамжоларга уюштирилган зиёратлардан дилларда фараҳ жўш урди.
Қизил денгизга қилинган саёҳат уларнинг кайфиятларини янада чоғ этди.
– Кексайиб қолганим учун, гарчи куёвим ва қизим билан узоқ сафарга чиққан бўлсам ҳам, хавотирим бор эди, – деди сурхондарёлик 76 ёшли Осиё она Тошмуҳаммедова. – Халқона тил билан айтганда, эгали эканмиз. Ишчи гуруҳи, элликбошилар, шифокорлар доим хизматга шай туришди. Ибодатларни бирма-бир, етаклаб юриб ўргатишди. Бирор жойда еб-ичишнинг, меҳмонхонанинг ё уловнинг ташвишини қилмадик. Аллоҳга беҳисоб шукрки, сафаримиз ниҳоятда ҳузур-ҳаловатли ўтди.
Зиёратчиларни Ўзбекистондан муборак диёрга кузатишдан тортиб, то она Ватанга қайтишларигача бош-қош бўлганлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили арафасида Сирдарё тумани "Бахт" жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон домла Ғоибов ташаббуси билан саховатпеша ҳомийлар кўмагида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида ҳудуддаги "Тинчлик", "Зиёкор" ва "Тадбиркор" маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 20 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб ўқув қуроллари жамланмалари ҳамда байрам совғалари топширилиб, уларнинг кўнгли шод этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати