Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтирганларга ушбу бақосиз дунёга нисбатан тўғри муносабатда бўлишни ва бу масалани ҳеч қачон ақл кўзи ва қалб кўзининг диққат эътиборидан четда қолдирмасликни қайта-қайта эслаб келганлар. Гап бу ерда одамларнинг дунёда ўзларини йўловчидай тутишлари ҳақида бормоқда. Бу эслатма бандани дунёга кўр-кўрона муҳаббат қўйишдан ҳимоя қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу дунёда ғариб (мусофир) ва йўловчидай бўлинг. Ва ўзингизни дунёни тарк этганлар қаторида ҳисобланг. Тонг отганда нафсингизга шом ҳақида, кеч кирганда эса эртанги тонг ҳақида гапирманг (унгача яшайман деб чамаламанг, кафолатингиз йўқ). Касаллик келгунча соғлиқдан, қарилик келгунча ёшликдан, бирор иш билан банд бўлгунча бўш пайтингиздан, ўлим келгунча яшаб турган ҳаётингиздан фойдаланинг! Ҳақиқатда эртага сизни ким деб аташларини[1] билмайсиз” (Ибн Умардан ривоят қилинган, Термизий ривояти).
Имом Жунайд Бағдодий қуддиса сирруҳудан:
– Қайси илмлар кўпроқ фойдали? – деб сўрашганида у зот қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:
– Бу Сени Аллоҳни таниш – маърифатуллоҳга ва нафсга итоат этмаслик йўлига элтувчи билимлардир. Фойдали илмлар ўз соҳибини шикастанафаслик, ҳилм, камтаринлик (тавозу), нафс билан бетиним кураш, кўнгилни поклаш йўлида риёзатлар чекиш, ўзини назорат қилиш, Аллоҳдан қўрқиш, дунё матоҳларидан ва уларга интилувчилардан кўнгил узиш йўлига олиб боради. Бундай илмлар оз билан қаноатланишга, бу дунёга муккаси билан кетганлардан узоқлашишга, бу олами фонийни шу оламнинг бойликлари учун яшаётганларга қолдиришга, одамларга самимий устоз ва маслаҳатчи бўлишга, уларга нисбатан чиройли муомала ва меҳрибонлик кўрсатишга, тариқат аҳллари билан ҳамсуҳбат бўлиш каби нарсаларга етаклайди”.
Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу мўминларни бу ўткинчи дунёнинг мевалари бўлган ҳою ҳаваслар гирдобида масту маҳлиё бўлишлик, нафснинг хоҳишларига қул бўлишлик офатидан кўп огоҳлантирардилар:
“Сиз учун икки сабабга кўра хавфсирайман: узундан-узоқ орзу-ҳаваслар гирдобида қолишлигингиз ва нафсоний талабларга эрк беришларингиздан. Шундай экан, бу ўткинчи дунёнинг эмас, абадий ҳаётнинг фарзандлари бўлинг!”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Эртага сизни ўликлар ёки тириклар орасида эслашларини билмайсиз. Муҳаррир.
Юртимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишлар қилинмоқда. Хусусан, ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Зеро, жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз-мураббийларни ҳар доим ҳурматлашимиз зиммамиздаги бурчлардан.
Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Бир киши Румийнинг олдига таъма билан келиб: "Шаҳримизда Шамс Табризийни кўрдим", деди. Мавлоно устози ҳақидаги хабардан суюниб, эгнидаги хирқасини ҳалиги кишининг елкасига ёпди. Буни кўрганлар хабар берувчининг ёлғончи эканига шаҳодат беришди. Мавлоно уларга деди: "Мен хирқамни унинг ёлғонига бердим. Агар хабари чин бўлса, жонимни берардим".
Бир устоз бундай ҳикоя қилади: Магистратура талабаларидан бири маъруза охирида менга: «Доктор, дарсдаги маърузангизни эшитган пайтимизда уни тушунамиз ва кейинги дарсингизни интизорлик билан кутамиз. Лекин уйга қайтиб, дарсликларни ўқисак, сиз маъруза қилган пайтдагидек руҳиятни топмаймиз» деди. Мен унга: «Асалари асални нимадан олади?» дедим. У: «Гуллар ширасидан», деди. Мен: «Агар сен ўша гулларнинг бирортасидан есанг, таъми қандай бўлади?» дедим. У: «Аччиқ бўлади», деди. Шунда мен дедим: «Устознинг вазифаси ҳам шунга ўхшайди. Устозлар “аччиқ гуллар”дан ширин ва фойдали “асал” чиқариб, талабалари олдига қўйишади», дедим.
Дарҳақиқат, устоз ва мураббийларнинг мақомлари ана шундай улуғ саналади. Улар умматга, миллатга асалари мисоли хизмат қилади. Шундай экан, уларни ҳаққи ила эҳтиром қилишда Парвардигори олам барчамизни собит қилсин.
Барча устозларга яқинлашиб келаётган касб байрамлари муборак бўлсин!
Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.