Самарқанд туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Сатторов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр тадбирларни мазмунли ва самарали ўтказиш бўйича муҳим кўрсатма ва тавсиялар берди.
Шундан сўнг туманнинг Мерганча маҳалласидаги бемори ва ногирони бор хонадонларга кирилиб, модди-маънавий кўмаклашилди. Самимий мулоқот ва хайрли дуолар қилинди.
***
Ургут туманида ўтказилган навбатдаги сайёр йиғилиш доирасида “Хўжа Убайдулло” жоме масжиди ҳудуди янада зиёратбоп, кўркам масканга айланди. Самарқанд вилояти имом-хатиблари иштироки билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, масжид атрофига яна бир бор файз ва барака ўрнатилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларини ерни обод қилишга, кўчат экишга, табиатни асрашга даъват этганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Қиёмат қоим бўлаётган бўлса ҳам, қўлингизда хурмо кўчати бўлса, уни экинг”, дея тавсия қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати