Ер юзининг 70 фоизи уммонлар билан қопланган. Зангори денгизларда турфа хилдаги жониворлар ажиб бир уйғунликда ҳаёт кечирадилар. Улардан бири дельфинлардир.
Дельфиннинг бўйи тахминан 2,5 метр ва вазни 150 кгни ташкил этади. Бундай оғир вазнга эга бўлишига қарамай, дельфинлар ўлжаларини денгизда ҳеч қандай қийинчиликсиз тез овлайдилар. Уларнинг силлиқ терилари сувда тез ҳаракат қилиш ва сузиш имконини беради.
Тез сузишга имкон берувчи яна бир хусусият бу бурунларидир. Уларнинг бурунлари сувда жуда тез сузишлари учун қулай тарзда яратилган. Уларнинг бу ҳолати одамларни ҳам илҳомлантирган ва улар бу тирик мавжудотларнинг тузилишини ўзлари ясаган кемаларда намуна сифатида қўллаб келмоқдалар.
Дельфинлар сузиш пайтида мунтазам равишда нафас олиш учун сув юзасига чиқишлари керак. Шунинг учун, бошқа балиқлардан фарқли ўлароқ, уларнинг думлари вертикал эмас, балки горизонталдир.
Дельфинлар бошларининг юқори қисмида жойлашган тешик орқали нафас оладилар. Шўнғин пайтида ҳаво тешиги эластик “қопқоқлар” билан автоматик равишда ёпилади. Нафас олиш тизимига сув ҳам, озиқ-овқат ҳам кира олмайди.
Улар ўз тўқималарида, айниқса мушакларида кислородни сақлаш қобилиятига эга. Шу сабабли, улар 200 метр чуқурликда 10 дақиқа туриши мумкин.
Аллоҳ таоло дельфинларга товуш тўлқинлари ёрдамида ташқи дунё билан алоқа қилишга имкон берувчи ғоятда мураккаб ва ўта аниқ сезги органлари тизимини ато этган. Олимлар бу ҳодисани “эхолокация” деб атайдилар.
Ташқаридан келаётган акс-садолар ёрдамида дельфинлар денгиз тубидаги ҳар қандай жисмнинг шакли, ўлчамлари, ҳаракат тезлиги ва ҳатто унгача бўлган масофа ҳақида ғоятда аниқ тасаввурга эга бўла оладилар.
Дельфинлар ушбу ноёб аъзолари ёрдамида жуда катта ҳудудни бир зумда, гўё денгиз тубининг харитасини тузгандек ўрганиб чиқадилар. Ушбу мисли кўрилмаган мукаммал гидролокация тизими ёрдамида дельфинлар денгиз тубини гўё электрон сканер каби суратга олиб чиқадилар.
Бу қадар юксак технологияли ўта аниқ ва нозик системанинг гўшт ва суяклардан ясалиб, денгиз жониворининг танасига жойлаштирилиши Аллоҳ таолонинг яратиш қудрати ва ҳикматига инкор қилиб бўлмас далилдир.
Замонавий сувости кемалари ҳам худди ана шундай гидролокатор ёрдамида ҳаракатланадилар. Аммо сувости кемалари учун йигирманчи асрдагина ишлаб чиқилган технологиядан дельфинлар минг йиллардан бери фойдаланиб келмоқдалар.
Дельфинлар ўз гидролокаторларидан алоқа воситаси сифатида ҳам фойдаланиб, ўзаро ажойиб мулоқот тизимини ташкил қиладилар. Масалан, улар бир-бирлари билан 220 км масофада туриб ҳам бемалол алоқа ўрната оладилар. Дельфинлар ушбу алоқа воситасидан асосан ўз жуфтларини топишда ва бир-бирларини хавф-хатардан огоҳлантиришда фойдаланадилар.
Дельфинларнинг кўзи яна бир ажойиб хусусиятга эга. Уларнинг икки кўзи бир пайтнинг ўзида икки томонга қарай олади. Масалан, у ўзи сузиб кетаётган томонни ҳам ва айни пайтда ён томонни ҳам кўриб туради, чунки ён томондан акулалар тўдаси ҳужум қилиб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, дельфинлар зарур пайтда бир кўзини юмиб олиши ҳам мумкин. Бу пайтда миянинг ярми уйқуга чўмади. Кейин у иккинчи кўзини юмиб, миянинг иккинчи ярмига ҳам дам бериши мумкин. Шу тариқа дельфинлар ҳеч қачон ухламайди, балки доимо уйғоқ ва сергак юради.
Даврон НУРМУҲАММАД
Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни ишончли манбаларга асосланган билим билан таъминлашда имом-хатибларнинг ўрни муҳим. Минбарда айтилган ҳар бир сўз илмий асос ва ишончли манбага таяниши учун эса диний соҳа вакилларининг мунтазам равишда билимларини бойитиб бориши талаб этилади. Ана шу мақсадда Наманган вилоятидан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказ бугун уч минг йиллик тарихимизни намойиш этувчи музей сифатидагина эмас, балки кенг қамровли илмий-тадқиқот маскани сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу кунга қадар илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Бу кўрсаткичлар Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини намоён этади.
Ташриф Марказ кутубхонасидан бошланди. Меҳмонлар бу ерда жамланган мумтоз манбалар, ислом тарихи, ақида, фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларига оид нашрлар, табиий ва аниқ фанлар тарихига оид тадқиқотлар ҳамда электрон ресурслар билан танишдилар. Тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг имом-хатиблар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврига бағишланган экспозицияларни томоша қилдилар. Улар орқали юртимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган илмий, маънавий ва маданий мероснинг яхлит манзараси билан танишдилар.
Наманган вилояти Норин тумани бош имом-хатиби Зикрилло қори Умурзоқов экспозицияларда аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси турли йўналишларда яхлит ҳолда намоён этилганига алоҳида эътибор қаратди.
«Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллати тарих давомида қандай юксак марраларни эгаллаганини ўз кўзи билан кўради. Аждодларимиз нафақат математика, астрономия, тиббиёт каби дунёвий илмлар, балки диний-маърифий ва илмий йўналишларда ҳам бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу ерда ана шу меросни кўриб, ўз тарихимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғуси янада кучаяди», — деди у.
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Исҳоқхон Тўра Ибрат» жоме масжиди имом-хатиби Жафархон Сўфиев эса Марказни мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларидан бири сифатида қайд этди.
«Бугун юртимизда муқаддас динимизга, цивилизациялар тарихига ва умуман, умуминсоний меросга бўлган эътибор юксак даражага кўтарилди. Мана шундай улкан маскан бунёд этилгани бунинг ёрқин исботидир. Бу ерда ислом тарихи бошқа цивилизациялардан ажратилган ҳолда эмас, балки бутун инсоният тараққиётининг узвий қисми сифатида кўрсатилган. Бундай ёндашув ҳар бир ташриф буюрувчига тарихимизни кенгроқ англаш, бошқа халқлар маданиятини ҳурмат қилиш ва бағрикенгликни қадрлаш имконини беради», — деди у.
Ташриф якунида имом-хатиблар Марказда олган билим ва таассуротларини ўз ҳудудларидаги жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Илмий ресурслардан диний-маърифий фаолиятда кенг фойдаланиш, аждодларимиз меросини ишончли манбалар асосида тарғиб этиш ёш авлоднинг тарихий онги ва маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Зеро, тарихий ва илмий меросни чуқур ўрганиш, уни ишончли манбалар асосида кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги авлодга муносиб тарзда мерос қолдириш Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати