Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, устоз Зайниддин домла Эшонқулов хизмат сафари билан Польша Республикасида бўлиб турибди.
Кеча, 24 ноябрь куни шом намозини адо этиш мақсадида Польша Республикаси пойтахти Варшавадаги “Марказий” масжидга ташриф буюрилди. Зайниддин домла Эшонқулов шом намозига имомликка ўтиб, намоздан сўнг, намозхонлар ва ватандошларимиз билан самимий суҳбат ўтказилди.
Шунингдек, ташриф давомида Польша муфтийси Томаш Мицкевич билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, муфтий жаноблари Имом Бухорий мажмуаси очилиши ва Ислом цивилизацияси марказига таклиф этилди. Томаш Мицкевич мазкур таклифдан катта мамнуният изҳор қилиб, албатта Ўзбекистонга бориш нияти борлигини билдирди ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрлигини таъкидлади.
Хуфтон намози Варшавадаги “Фотиҳ” масжидида адо этилди. Намоздан кейин ватандошларимиз билан учрашув ўтказилиб, сафар одоблари, юртдан узоқда бўлганда ҳам оила ва яқинлар билан алоқани узмаслик, силаи раҳимни унутмаслик каби муҳим масалалар ҳақида маъруза қилинди. Ташриф давомида юртдошларимизнинг саволларига жавоб берилди ва дуои-хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Навоий вилояти бош имом-хатиби Темурхон домла Атоевнинг қайноталари Райимжон ота Қодировнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Темурхон домла Атоевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz