Шу йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича хизмат сафарида бўлади.
Ўзбекистон делегацияси Иордания бош муфтийси ва Фатво маркази раҳбари Аҳмад Ҳасанот ҳазратлари, Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Халояла жаноблари, Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари доктор Абдусаттор Қудо, Иордания халқаро ислом илмлари университети раҳбарияти ва бир қатор соҳага дахлдор мутасаддилар билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Сафар давомида қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
- меморандумлар ва қўшма дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга жорий этиш;
- Иордания Фатво маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шаръий масалаларга жавоблар тайёрлаш юзасидан мулоқотлар қилиш;
- Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ва шу каби касб-маҳоратни ошириш курсларида диний соҳа ходимлари сонини ошириш;
- иорданиялик олимлар асарларини ўзбек тилига таржима қилиш;
- илмий марказлар, таълим муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиш, устоз ва талабалар алмашинувини муҳокама қилиш;
- Иорданиянинг вақф мулкчилиги, масжидларни бошқариш, қадамжоларни сақлаш тажрибасини ўрганиш ва ўзаро зиёрат туризмини ривожлантириш;
- бошқа соҳага дахлдор мутасадди идоралар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Уйқу – Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган неъматлардан бири. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ чиқаради, жисми куч-қувватга тўлади.
Инсон бу кундалик одати орқали ҳам савобга эга бўлиши мумкин. Бунинг учун қуйидаги одобларга риоя этиш талаб этилади.
Биринчиси – ухлашга ётмоқчи бўлган киши баданини дам олдиришни ва ибодатга куч йиғишни ният қилиши лозим.
Бундай ният билан уйқу ҳам ибодатга айланади ва инсон гўёки кечаларни ибодат билан қоим қилгандек ажрга эга бўлади.
Иккинчиси – уйқуга покиза ҳолда ётиш.
Пок ҳолда ухлаган киши шайтон васвасасидан омонда бўлади.
Учинчиси – қорин тўқ ҳолда ухлашдан сақланиш.
Тўқ қоринга ухлаш инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарарлидир. Бунда овқат ҳазм бўлиши қийинлашиб, турли ошқозон ва ичак касалликлари келиб чиқади.
Тўртинчиси – уйқуга барвақт ётиш.
Тунни бекорчилик билан ўтказиш инсон саломатлиги учун жиддий зарар эканини таъкидлаб ўтиш лозим. Буюк Британия олимларининг 90 мингга яқин кўнгилли қатнашган, олти йил давом этган тақдиқотлари натижасига кўра соат 2200 дан 2300 гача бўлган вақт оралиғида уйқуга ётиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтириши аниқланган (European Heart Journal – Digital Health, Volume 2, Issue 4, December 2021, Pages 658–666).
Бешинчиси – ухлашдан олдин уй эшигини маҳкамлаб ёпиш ва идишлар оғзини беркитиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшикларни беркитинглар, меш (оғзини) боғланглар, идиш-товоқни тўнкариб қўйинглар, чироқларни ўчиринглар” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Олтинчиси – чироқлар ўчириб ётиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ухласангиз, чироқларни ўчиринглар!” деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк Британиянинг “Current Biology” номли илмий-оммабоп журналида ухлаш пайтида чироқнинг ёниб туриши инсон танасига салбий таъсирлари ҳақидаги мақолада қуйидаги маълумотлар келтирилади:
“Голландиялик олимлар сичқонлар устида тадқиқот олиб бориб, тундаги чироқларнинг уларга таъсирини ўрганишди. Тадқиқот натижасида ухлаш вақтида чироқ ёниб туришининг кўплаб касалликларга боғлиқлиги аниқланди”.
Соха мутахассисларининг айтишича, ухлаш асносида хонадаги чироқнинг ёниқ туриши саратон, иммунитет пасайиши, эрта қариш каби бир қанча касалликларга сабаб бўлар экан.
Еттинчиси – тўшакни қоқиб ётиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди…” (Имом Бухорий ривояти).
Ғарб олимлари инсон ухлаганида бадандан турли зарарли ҳужайралар кўрпага ўтишини, агар улар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, касалликлар келтириб чиқаришини аниқладилар.
Бу муаммони бартараф этиш йўлларини бир неча йиллар давомида изладилар. Энг кучли тозалаш воситаларини ишлатиб, кўрпани ювдилар. Лекин ундаги зарарли ҳужайра ва ҳашаротлар қимир этгани ҳам йўқ. Охир оқибат кўрпани қўл билан уч марта қоқиб кўришди. Натижада, ўлик ҳужайра ва бошқа паразитлардан асар ҳам қолмади.
Саккизинчиси – қоринни ерга қилиб ётмаслик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолда ётиш ҳақида: “Албатта, бу ётиш Аллоҳнинг ғазабини келтиради”, деганлар.
АҚШлик мутахассислар юзтубан ухлаш саломатликка салбий таъсир кўрсатишини илмий исботладилар. Бунда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.
Уйқудан турганда ҳам сиқилган, ланж, ғазабланган, асабий ҳолда бўлади. Чалқанча ётилганда оғиздан нафас олингани боис у шамоллаш, тумов ва милкларнинг яллиғланиши каби касалликларни келтириб чиқаради.
Тўққизинчиси – ўнг томонга ёнбошлаб ётиш.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар тўшакка ётадиган бўлсалар, ўнг томонлари билан ётардилар”.
Олимлар олиб борган тадқиқотларга кўра, ўнг қўлни ўнг ёноқ остига қўйиб ухлаш инсон танасининг тинчланишига, тез уйқуга кетишга, ҳатто қўрқинчли тушлар кўришнинг олдини олишга сабаб бўларкан. Бу эса, депрессия ва стрессдан азият чекаётган одамларни турли уйқу дориларини қабул қилишдан халос этади.
Калифорния университети профессори, мисрлик олим Доктор Жамолиддин Иброҳим бошчилигида ўтказилган тадқиқотларда ўнг томонга ёнбошлаб ётганда юрак камроқ куч сарфлаши, қоннинг осон айланиши, асабларнинг тинчланиши ва дам олиши ҳамда тезда уйқуга кетишга сабаб бўлиши аниқланди.
Даврон НУРМУҲАММАД