Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида устоз ва талабалар иштирокида икки янги асарнинг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг «Эй, бандаларим» асари ҳамда Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдулазим домла Саидаҳмедовнинг «Нурул яқин» асари иккинчи қисми ўқувчиларга таништирилди.
Тадбирда билим юрти мудири Жалолиддин Сабуров ушбу китоблар талабалар маънавий камолотида катта хизмат қилувчи муҳим манбалар эканини таъкидлади.
Абдулазим домла ҳам сўзга чиқиб, «Нурул яқин» асарининг янги қисмидаги асосий мавзулар, уни ёзиш жараёни ўқувчи учун қандай фойдалари борлиги ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати