Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили юртимизга xурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари, Қуръон китобларини хайрия қилиб келади.
Бир мунча вақт олдин Саудия Арабистони томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилинган Қуръон китоблари кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига етказилди. Таъкидлаш жоизки, ҳар йили мазкур институтнинг “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида минглаб юртдошларимиз таълим олиб, муқаддас китобни бемалол ўқийдиган бўлиб етишади. Тақдим этилаётган бу Мусҳафлар эса тингловчилар учун ҳақиқий совға бўлди, дейиш мумкин.
Жами олти минг дона Қуръон китобларини институт раҳбарияти, талабалар хурсандчилик билан қабул қилиб олишди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида қабул қилсин. Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни насиб айласин.
Vaqf.uz
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб эълон қилинган «Маҳалла ободлиги ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида Самарқанд вилоятида эзгу ишларга кенг йўл очилди.
Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамкорлигида Қўшработ туманида кенг қамровли меҳр-саховат тадбири ташкил қилинди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Б. Каримов, Қўшработ тумани ҳокими Д. Шакарбоев, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров ва Нурсултонхон домла Абдуманнонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, шунингдек, 2026 йилги улуғ Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.
Тадбир доирасида туманнинг 16 та маҳалласида истиқомат қилувчи 250 дан зиёд эҳтиёжманд хонадонларга ташаббускор ҳожилар ҳомийлигида мактаб формалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бу эзгу ташаббус халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.