Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида Бухоро вилояти ҳокимлиги вакиллари, Дин ишлари бўйича қўмита вилоят мутахассислари, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, туман ва шаҳар имом-хатиблари ҳамда отинойилар иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар китобда инсон қадрини улуғлаш ғоясининг мазмун-моҳияти, унинг жамиятнинг маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрни ҳамда тарбиявий аҳамияти хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Тадбир якунида иштирокчиларга “Инсон қадри” китоби тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати