Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга қаратилган ишлар доирасида Бухоро вилоятида имом-хатиб ва имом ноиблар ўртасида стол тенниси спорт тури бўйича вилоят босқичи мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа давомида иштирокчилар чаққонлик, эпчиллик ва спорт маҳоратини намоён этиб, соғлом рақобат муҳитини яратдилар. Тадбир диний соҳа ходимлари ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бухоро вилоятида имом-хатиб ва имом ноиблар ўртасида ўтказилган стол тенниси мусобақасида иштирокчилар юқори спорт маҳорати, чаққонлик ва сабр-тоқатни намоён этдилар.
Мусобақа якунига кўра қуйидаги иштирокчилар ғолиб ва совриндор бўлдилар:
1-ўрин — Бобоқулов Садам, Пешку тумани “Хўжа Пешкў” масжиди имом-ноиби
2-ўрин — Нажмиддинов Асатилло, Бухоро шаҳри “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом-хатиби
3-ўрин — Бозоров Ваҳобиддин, Пешку тумани “Чиқирчи” масжиди имом-хатиби
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор:
"Байзовий ўзининг "Анворут танзил ва асрорут таъвил" номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга кўрсатиш учун Бағдодга йўл олди. Мақсади султондан тирикчилик ва замон ташвишларига асқотадиган бирор нарса олиш эди.
Йўлда бир қишлоқда тўхтади. Шайхлардан бирининг уйида меҳмон бўлди. Шайх уни меҳмон қилди. Зиёфатдан сўнг шайх ундан сўради:
- Қаерга кетаяпсан?
- Бағдодга!
- Нега?
- Мен бир тафсир ёздим. Кўп меҳнат қилдим. Қизларим бор. Уларнинг бўйи етиб қолган. Уларни турмушга беришим керак!
Шайх сўради:
- "Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?
- Биз бу оятни "Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз, Сендан Ўзгадан ёрдам сўрамаймиз" деб тафсир қилдик!
- Нега унақада ўзгадан ёрдам сўрагани бораяпсан?!
Шайхнинг гапи Байзовийга таъсир қилди. Бағдодга бормади. Орқасига қайтди.
Айтишларича, унинг тафсирига ана шундан сўнг қабулият берилди. Тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам олимлар унга мурожаат қилишди ва қилишаяпти.
Унинг тафсирига уч мингдан ортиқ тафсир, ҳошия ва таълиқлар битилди. Жуда кўп инсон ундан фойда олди ва олмоқда!
"Ар-риҳлатул Айёшийя" асаридан Абдулазим АКРОМ