Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен умрада тавоф қилаётган эдим. Намоз вақти бўлганда сафга туриб, такбир айтилишини кутиб ўтирган эдик. Шунда масжид ходимларидан бири саф орасида айланиб юриб, елкаси очиқ одамларга елкангни ёп деган ишоралар қилди. Тавоф қилаётган одам елкаси очиқ бўлиши керакмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тавофда ўнг елкани очиш фиқҳий китобларда изтибоъ дейилади. Яъни, умра ёки ҳаж амалларини бажараётган шахс эҳромга кириб, тавоф қилса, ридони ўнг елкасининг остидан ўтказиб, чап елкасига ташлаб олади. Бу амал кетидан саъй қилиш амали бўлган тавофда суннат ҳисобланади. Бундан маълум бўладики, изтибоъ амали (ўнг елкани очиб қўйиш) масжидга киришдан олдин, намоз ва саъй вақтида, шунингдек, ортидан саъй амали бўлмаган тавофларда суннат ҳисобланмайди.
Елка очиқ ҳолатда намоз ўқиш одатий эҳромсиз ҳолатда бўлгани каби эҳромда ҳам макруҳ саналади. Шунинг учун саволдаги каби тавоф қилиш асносида намоз вақти бўлиб қолса, елкалар ёпилиб, намозга киришилади. Намоздан кейин яна елкани очиб, тавофни давом эттиради. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни эрталабки намоздан олдин:
أَسْتَغْفِرُاللهَ الَّذِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الْحَيُّ القَيُّومُ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ
"Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атубу илайҳ", деб уч марта айтса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечириб юборади», дедилар (Ибн Сунний ривоятлари).
Маъноси: Ҳай ва қаййум сифатига эга бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан.