Шу йилнинг 27 январь куни Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Ал-Азҳар” мажмуаси қошидаги Имом Ашъарий маркази томонидан биринчи халқаро илмий форум ташкил этилди.
Анжуман “Имом Ашъарийнинг исломий фирқаларга оид фикрий ёндашувлари: ақидавий ихтилофдан мулоқот ва мўътадиллик сари” мавзусига бағишланиб, унда ислом оламининг етук уламолари ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Форумда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти вакиллари, жумладан, институт ректори Уйғун домла Ғафуров ва “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманасиров фаол қатнашди.
Тадбир очилиш маросимида Ал-Азҳар ва Имом Ашъарий маркази раҳбарлари, Миср муфтийси ҳамда халқаро илмий муассасалар вакиллари сўзга чиқди.
Мазкур форум ислом оламида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маърифат орқали мўътадилликни тарғиб этиш ва соф ислом ақидасини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 28 январь куни Ҳидоя ўрта махсус ислом таълим муассасасида талабалар иштирокида маърифий-маънавий учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов иштирокида ташкил этилди. Тадбирда муассаса директори Қобилжон домла Мирзабаев ҳамда талабалар қатнашдилар.
Учрашувда ёшларни илм-маърифатга чорлаш, вақтдан унумли фойдаланиш ва улуғ уламолар ҳаётидан ибратли мисоллар орқали сабр, ихлос ва доимий изланишнинг аҳамияти таъкидланди. Шунингдек, таълим жараёнида масъулиятли бўлиш ва илмни жамият манфаати йўлида ўрганиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбир якунида фаол ва интизомли 6 нафар талабанинг ҳар бирига 5 миллион сўмдан, шунингдек, 2 нафар талабанинг ҳар бирига 7,5 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу билан бирга, таълим муассасаси ривожи учун 30 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати