Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз” (Бақара сураси, 110-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”, (Бақара сураси, 261-оят) деб марҳамат қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийлик вақтлари Рамазон ойида Жаброийл алайҳиссалом билан учрашган вақтда бўларди. Албатта, Расулуллоҳ яхшиликда эркин эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар”.
Рўза қорни очни таомлантириш, мискинга эҳсон, фақирга туҳфа беришга чорлайди. Рамазон ойи садақа берувчилар ва эҳсон қилувчилар учун энг қулай фурсатдир. Шоир бундай дейди:
Аллоҳ сенга берганидан эҳсон қил сен ҳам,
Пул қўлнинг киридир, умр эса ўтгувчи.
Молинг сув кабидир, тутилса айнир у ҳам,
Агар юрса ширин булоқ каби оқгувчи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг икки фариштаси бор, ҳар тонг нидо қилишади. Уларнинг бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчига (инфоқи ўрнига) тўлдириш бер!” дейди. Бошқаси эса: “Аллоҳим, зиқнага талофат бер!” дейди”, дедилар.
Банда ҳар сафар эҳсон қилганда Аллоҳ таоло унинг жисмига тўкислик, қалбига роҳат ва ризқига кенглик ато этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Садақа сув оловни ўчиргани каби хатони ўчиради”.
Гуноҳ, маъсиятларда қалб ва нафсни куйдирувчи олов бўлади. Бу оловни фақатгина садақа ўчира олади. Садақа қалбга салқинлик ва руҳга яхшилик бўлиб, хатоларни ювиб кетади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир киши токи одамлар орасида ҳукм қилингунича ўз садақасининг соясида бўлади”.
Нақадар ажойиб! Садақанинг ўз соялари бўлиб Қиёмат кунида бандалар унинг остида бўладилар, ҳар бир инсон дунёдаги садақасининг миқдорича сояда бўлади.
Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бой инсон бўлиб, мол-мулкларини Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлар, Табукка кетаётган қўшинни жиҳозлаган, қудуқ сотиб олиб садақа қилиб юборган эдилар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам жуда бой эдилар, етти юзта туяни устидаги юклари билан Мадинанинг фақирларига Аллоҳ розилиги учун садақа қилиб юбордилар.
Рўзадорлар орасида бир бурда нон, бир ҳўплам сув ёки бир дона хурмо топа олмайдиганлари ҳам бор. Улар орасида ёрдам берадиган бирор яқини, уйи йўқлари мавжуд. На саҳарлиги ва на ифторлигига емак топа оладиган фақирлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир рўзадорни ифтор қилдирса унга рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолдаги мислича ажр бўлади”.
Рамазонда солиҳ инсонларнинг карами зиёда бўлади ва улар инфоқ-эҳсонни кўпайтиришади. Аллоҳдан савоб умидида фақир ва мискинларга ифторлик қилиб беришни ўз зиммаларига олишади. Қадимда улуғ зотларнинг масжидлари фақир ва мискинларга тайёрлаб қўйилган ифторлик таомларига тўлиб кетар, бирор оч ёки муҳтож киши топилмас эди.
Инсон ўзининг еб-ичиши ва кийинишига сарф этган барча нарсаси йўқ бўлиб кетади, аммо Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлагани боқий қолади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга яхши қарз берсангиз, У сизга кўпайтириб берур ва сизни кечирур. Аллоҳ шакур ва ҳалимдир” (Тағобун сураси, 17-оят).
Эй рўзадор, қилаётган эҳсонингиз билан ўзингиз муҳтож ва фақир бўладиган Қиёмат куни учун Роббингизга қарз бермоқдасиз.
Эй, биродарим, сизнинг бир ҳўплам сувингиз, бир ҳовуч хурмоингиз, қўйингки, Аллоҳ йўлида муҳтожларга берган озгина молингиз жаннат сари йўлингиздир. Аллоҳга қасамки, садақа каби молни сақлайдиган ва закот каби молни поклайдиган нарса йўқ. Қанчадан-қанча бойлар дунёдан ўтишди, улардан сон-саноқсиз мол-дунё, хазиналар, қасрлар ва уйлар қолди. Буларнинг барчаси эгалари учун ҳасрат, надомат ва афсус бўлди, чунки улар мол-дунёларини ўз ўрнига сарфламаган эдилар. Аллоҳ насиб қилса эртанги кунда сизга бу эҳсонларингиз фойда бўлади!
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъий (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этган дейилади)ни бундай деяётганини эшитдим:
“Бир куни Басрадаги масжиддан чиқиб, шаҳар кўчаларида кетиб бораётсам, рўпарамдан туя миниб, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди. Мендан: “Қаердансан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман” деб жавоб бердим. У: “Асмаъиймисан?” деди. Мен: “Ҳа, шундай” дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан”, деб жавоб бердим. У мендан: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. “Зарият” сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий мендан “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломи-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир”, дедим. Аъробий менга: “Шу кифоя қилади” деди.
Кейин туясининг олдига бориб, уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин бўлинган гўштдан ўтган-кетган кишиларга тарқатиб чиқдик. Сўнгра қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.
Кейин саҳро ичкарисига қараб юриб кетди. Кетар экан, “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг?!” дедим.
Кейинги йили Ҳажга борганимда, Маккага кирдим. Каъбани тавоф қилиб турганимда, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқизиб қўйиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:
وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ
“Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Роббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин мендан: “Бундан бошқа Каломи ҳам бор-ми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида:
فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ
“Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у (гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган” дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдилар-ми? Унинг Каломига ишонмайдилар-ми? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта гапирдию, ўша онда жони узилди”.
Аҳмад ибн Иброҳим Саълабийнинг
"Қуръон ошиқлари" китобларидан