Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган доимий қабуллар аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугун, 11 февраль куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида масжидлар ободлиги, оилавий муносабатлар ва ижтимоий кўмак сўровлари атрофлича кўриб чиқилди.
Қабулда фуқароларга шаръий масалалар бўйича зарур тавсиялар берилиб, моддий ёрдамга муҳтож кишиларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби фуқаролар қабуллари юртимизнинг барча ҳудудларида — ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иордания ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида тарихда илк бор йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатнов туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА.
Мазкур йўналишнинг биринчи рейси билан Ўзбекистонга Иорданиядан 40 нафарга яқин туристдан иборат уюшган гуруҳ ташриф буюрди. Сафар давомида меҳмонлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган обидалар, миллий таомлар ва ўзбек халқининг қадимий анъаналари билан танишди.
Иорданиялик сайёҳлар мамлакатимиздаги меҳмондўстлик, замонавий туристик инфратузилма ва юқори хизмат кўрсатиш даражасини алоҳида эътироф этди. Айниқса, Самарқанд ва Бухоронинг меъморий обидалари, Тошкентнинг замонавий қиёфаси уларда катта таассурот қолдирди.
Мутахассислар фикрича, Аммон–Тошкент авиақатновининг йўлга қўйилиши ўзаро туристик алмашинувни кенгайтириш учун янги имкониятлар очмоқда. Бой тарихий мерос, ривожланган туристик инфратузилма, Иордания фуқаролари учун визасиз тартиб ҳамда халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ сайёҳлари орасидаги жозибадорлигини янада оширмоқда.
Айни пайтда икки мамлакат ўртасида маданий-маърифий, гастрономик, оилавий ва зиёрат туризми йўналишларини қамраб олган янги қўшма туристик дастурларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати