Бу ўринда бир савол пайдо бўлади. Инсонда шунча катта-катта нуқсонлар бор экан. Агар бу нуқсонлар бирор машинада бўлса, уни биров сотиб оладими? Ҳеч ким сотиб олмайди. Бунга шоир ажойиб шеър битган:
Ту бо илми азал маро дийди,
Дийди онгаҳ, бо айб бихариди.
Ту бо илми ону ман бо айб ҳамон,
Рад макун, ончи худ писандийди.
Таржима
Азал илминг ила мени билдинг,
Айб ила кўриб ҳам мени олдинг.
Сенда ўша илм, менда нуқсон ҳануз,
Қайтармагин, нимани яхши кўрдинг.
Бу ерда ихтиёр қилишдан мурод Аллоҳ таоло бандаларининг шунча айб- нуқсонларига қарамасдан Ўзининг фазлу карами билан савдо қилиб, аҳднома ёзади ва уни барчага эълон қилади:
«Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди» (Тавба сураси, 111-оят).
“Жаннат” деганда фақатгина гўзал боғларни тушунмайлик. Балки жаннатда Аллоҳ таолонинг дийдори насиб бўлади. Худди Аллоҳ таоло бизнинг жон ва молларимизни Ўзининг дийдори эвазига сотиб олади. Чунки бу дунёда Уни кўриб бўлмайди. Субҳаналлоҳ! Қанчалик қиммат савдо қилди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг "Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси
#xabar #haj2026 #safar #kuzatuv
Айни пайтда пойтахтимиздаги “Новза” масжидида юзида қувонч, тилида шукрона билан муқаддас заминга ошиқаётган “Ҳаж – 2026” мавсумининг илк зиёратчиларини кузатиш маросими бўлиб ўтмоқда.
Юртдошларимизнинг кўзларидаги қувонч ёшлари ва орзуси ушалган қалбларнинг талпиниши ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборади.
Қалбларни ҳаяжонга солган ушбу дамларда Аллоҳнинг байти сари ошиқаётган юртдошларимиз муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, эсон-омон қайтишни сўраб дуолар қилишмоқда. Уларни кузатаётган яқинларининг нигоҳида эса ҳавас ва соғинч: улар ҳам мана шундай саодатли кунлар ва Каъбатуллоҳ зиёрати ўзларига ҳам насиб этишини чин дилдан ният қилмоқда.
Юртимизда давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар Исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш бахтига ноил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, зиёратчиларнинг хавфсиз ва сифатли ибодат қилишлари учун яратилган тизимли шарт-шароитлар давлатимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган эзгу тамойилнинг диний-маърифий соҳадаги амалий ифодасидир. Мазкур юксак даражадаги ташкилий ишлар ҳамюртларимизга муқаддас заминда фақат ибодат билан машғул бўлишлари учун замин яратади.
Аллоҳ таоло муборак сафарга отланаётган барча юртдошларимизнинг сафарларини хайрли, ҳажларини мабрур ва дуоларини мустажоб айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати