#xabar #muftiy #juma #masjid
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 феврал куни жума намозини пойтахтимизнинг Бектемир туманида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган "Абдуқодир ҳожи ота" (аввалги номи "Хутон") жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин жамоатга Қуръонда таъкидланган икки улуғ амал – зикр ва салавот айтишнинг фазилатлари ҳақида маърифий суҳбат қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, инсон турли юмушлар билан овора бўлиб, баъзан руҳий тарбиядан, қалбига озуқа бўладиган амаллардан узилиб қолади. Ҳолбуки, зикр ва салавотлар қалбни сайқаллаб, мусаффо ва нурли қилади.
Маърузада айтилганидек, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўн олти жойида зикрга буюрган: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!” (Бақара сураси, 152-оят). Демак, зикрнинг энг катта фойдаси – банданинг гуноҳлари афв этилишига, Робби ҳам уни ёд этишига сабаб бўлади.
Аммо баъзи инсонлар “зикр қилишим керак экан” дея кундалик касбу кор қилишдан ҳам ўзларини тортиб, аҳли оиласини танг аҳволга тушириб қўйганларини эшитиб қоламиз. Бу хато тушунча бўлиб, аслида ишлаб туриб ҳам қалбни зикр билан машғул қилиш мумкин. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазрат: “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин”, деганида шунга далолат этганлар.
Шунингдек, салавот ҳам яхшиликлар василаси, Аллоҳнинг розилигига олиб борувчи, кўплаб ажр-савоблар эшигидир. Салавот айтишнинг нечоғлик улуғ амал экани Қуръони каримда таъкидланган: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Менга салавот айтинглар, чунки қаерда бўлсангиз ҳам салавотларингиз менга етиб келади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Манфаатли маъруза сўнгида барча мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг зикри ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтишда пешқадам бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг қудрати эркин эканлиги инсоннинг дунёга келишидан бошқа ҳолатларда ҳам намоён бўлади. Тўғри инсон эркак ва аёлдан пайдо бўлади. Лекин Аллоҳ эркак ва аёлсиз ҳам инсонни ярата олади. Масалан: Одам алайҳиссаломни йўқдан бор қилган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло фақат эркакнинг ўзидан ҳам инсон ярата олади. Бунга мисол: Ҳаво онамиз. Қолаверса, фақат аёлнинг ўзидан ҳам ярата олади. Исо алайҳиссаломни фақатгина Марям онамиздан яратган. Бундай ноодатий ҳолатлар эса илоҳий қудратнинг эркинлигини исботлаш учун фақатгина бир мартадан юз берган, бошқа такрорланмайди. Чунки биз бу ҳолатлардан ўзимизга етарли хулоса чиқардик ва Аллоҳнинг қудрати чексиз эканини билдик.
Аллоҳнинг қудрати чекланмаган. Сабабият оламидаги сабабларни ҳам Аллоҳ яратади. Илоҳий қудрат эса сабаблардан ҳам устундир. Энди илоҳий қудратнинг эркин эканига бошқа мисоллар келтирсак.
Ҳар биримиз кўзимиз билан кўрган ёмғирга назар солайлик. Ёмғир ёғиши учун ўзига яраша муҳит шаклланиши керак. Айрим жойларда ёмғир ёғса, бошқа жойларда ёғмайди. Дунё олимлари Аллоҳнинг ёрдами ила ёмғир ёғадиган ва ёғмайдиган ҳудудларнинг хариталарини ҳам тузиб чиқишган.
Лекин Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Баъзан ёмғир ёғиши белгиланган жойларга умуман ёғингарчилик бўлмайди. Қурғоқчилик бўлиб, одамлар ҳатто очарчиликдан вафот этиши ҳам мумкин.
Шунингдек, қурғоқчил ерларда ёғингарчиликлар сероб бўлиши ҳеч гап эмас. Америка ва Европа қитъаларида шундай ҳолатлар кузатиладики, ёғингарчилик ҳудуди саналса-да, йиллаб осмондан ҳеч нарса ёғмаслиги мумкин.
Демак, бу ҳолатларда ҳам Аллоҳ Ўзининг қудрати эркин эканлигини кўрсатмоқда. Ҳа, шак-шубҳасиз Аллоҳ таоло хоҳлаган иш бўлади. Сабаблар дунёсида яшасак ҳам асл сабабчи бу Аллоҳнинг иродасидир.
Экин-текинларга ҳам бир назар солайлик. Деҳқон унга керакли барча ўғитларни беради, шароитларни яратади. Вақтида сув беради, об-ҳавонинг ҳисобини олади. Бироқ баъзида шундай ҳолатларда ҳам экилган экин кўзланган ҳосилни бермайди. Баъзида буткул нобуд бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган:
“(Дарҳақиқат), унинг меваси (боғи) иҳота (ҳалок) қилинди. Ўзи эса ҳувиллаб қолган ишкомларни (кўриб) ва уларга сарфланган нарсаларни (ўйлаб), чапак чалганича (пушаймон бўлиб): «Қани эди, мен ҳам Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда!» деб қолади” (Каҳф сураси, 42-оят).
Илм-фан қанча ривожланмасин ер юзида доимо табиий офатлар юз бериб туради. Демак, ер парвариш туфайли эмас, аксинча Аллоҳнинг қудрати ила ҳосил берар экан. Аллоҳ бизни фақат сабабларга боғланиб қолмаслигимиз учун баъзида ҳақиқий сабабчи Ўзи эканини кўрсатиб туради.
Аллоҳ таолонинг қудрати эркин эканлигини жонзотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ер юзида инсондан бир неча баробар кучли жонзотлар кўп. Бироқ баъзида шундай жонзотларни ёш бола ҳам бошқара олади. Чунки Аллоҳ ўша жонзотни инсонга бўйсундириб қўйган. Туяни олиб кўринг. Биргина тепкиси ёш болани ўлимига сабабчи бўлиши мумкин. Лекин туя ундай қилмайди.
Итлар ҳам ўз эгаларини ҳимоя қилади, душманлардан қўриқлайди. Бироқ худди шу итга ўхшаш бўрилар эса одамларга ҳужум қилади. Агар ҳайвонларни бошқариш инсоннинг қўлида бўлганида бўриларни ҳам қўлга ўргатиб олар эди. Ҳатто кичкина заҳарли илон инсондан анча кучсиз бўлса ҳам бир чақишда уни ўлдириши мумкин.
Демак, бу ерда ҳамма нарсани бошқарувчи куч бу Аллоҳнинг иродаси экан. Жонзотларни ҳажмига, кучига қараб бу ёмон, у яхши деб бўлмас экан. Миттигина жонзот ҳам инсонни ўлдира олиши мумкин экан.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан