Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2026   |   28 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:09
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2026, 28 Шаввол, 1447
Янгиликлар

2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори

18.02.2026   27226   2 min.
2026 йил учун закот, фитр ва фидя миқдори

#xabar #zakot #fitr #fidya
 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди, унга кўра:


Закот нисоби
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000  (юз  миллион) сўм деб белгилади. 
 Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000  (юз  миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.

 
Фитр садақаси миқдори


Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
 Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки  унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.


Фидя миқдори


Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади.

Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.

 Шарҳ (https://telegra.ph/shar%D2%B3-02-17)


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Энг кўп салавот айтганлар

14.04.2026   5531   5 min.
Энг кўп салавот айтганлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишни, У зотга яқинлаштирувчи амалларни бажаришни кўзлаб яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси, 56-оятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қурбат ҳосил қилишнинг бош омили дея салавот ва салом йўллаш эканини айтиб ўтган:

 

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَـٰۤىِٕكَتَهُۥ یُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِیِّۚ یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ صَلُّوا۟ عَلَیۡهِ وَسَلِّمُوا۟ تَسۡلِیمًا

“Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг!”.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Менга жума куни ва жума кечаси салавот айтишни кўпайтиринглар. Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Набий алайҳи васалламга салавот айтиш Қуръон орқали ҳам, ҳадислар билан ҳам буюрилган амалдир. Набий ссллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло, фаришталар ва пайғамбарлар ҳам салавот айтишади. Биз мўминлар ҳам салавот айтишга буюрилганмиз. Бу, нафақат Аллоҳ олдидаги бандалик вазифамиз, балки икки олам саодатини кўрсатган икки олам Сарвари олдидаги умматлик ташаккуримиздир!

Яъни, салавот тилимиз осон айтадиган, енгил қараладиган оддий калима эмас, аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга миннатдорчилик билдиришимиз, раҳмат айтишимиз ҳамда Аллоҳ ҳузурида янада даражалари кўтарилишини сўраб берган дуоимиздир.

Салавот сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини англатади.

Салавот кимдан ҳосил бўлишига кўра турли маъноларни ифода этади. Салавот Аллоҳ таолодан бўлса раҳмат, фаришталардан бўлса истиғфор, инсонлардан эса дуо ва улуғлашдир. Демак, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаққиларига салавот ила дуо қилган, шаъни обрўларини янада улуғлаган бўламиз. Салавотни кўпайтирган сари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб борамиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш махсус вақт, кун ёки маконга хосланмайди. Бироқ, қуйидаги ҳолатларда салавот айтишга янада диққатли бўлиш талаб қилинади:

Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида;
Масжидга кираётганда ва чиқаётганда;
Мусулмон биродарлари билан кўришганда;
Бир мажлис ва йиғилишга тўпланганда;
Хайрли сўзларни гапиришдан аввал;
Эрталаб ва кеч кирганда;
Уйқуга кетишдан аввал ва уйғонганда;
Қулоққа ғувуллаган овоз эшитилганда;
Бирор нарсани унутиб қўйганда;
Ғам, қайғу қийинчилик вақтида.

Бундан бошқа ўринларда ҳам салавот зикр сифатида айтилаверади. Кўп салавот айтишнинг фойдаси улкан бўлиб, фойдаларнинг энг улуғи қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яқин бўлиш ва у зотнинг шафоатларига эришишдир.

Ибн Масуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин одамлар менга кўп салавот айтганларидир, деганлар.

Шунингдек, салавот айтиш нифоқдан пок бўлиш ва дўзахдан нажот топишга сабаб бўладиган улуғ амалдир. Ва яна дунё-ю охиратда ҳожатлар равон бўлишининг сабаби ҳамдир.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳар куни 100 марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини равон қилади. 70 таси охиратда, 30 таси эса дунёда”, дедилар.

Салавот айтган кишига яхшилик эшиклари очилади фақирлик эшиклари эса ёпилади, гуноҳ ва хатолари кечирилишига сабаб бўлади.

Салавот айтишнинг бу дунёда фойдалари санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, охиратда ҳам худди шундай. Масалан, салавот соҳиби учун қиёмат куни сиротдан ўтишда нур, қиёматнинг дахшатли ҳолатларидан нажот ва омонлик бўлади.

Шу билан бирга, сиротдан ўтишни ҳам енгиллаштиради. Ҳаттоки салавот айтган киши жаннат хушхабарини олмагунча вафот этмайди.

Бунинг далили Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ “Жилаул афҳам”да Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадис бўлиб, Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Ким бир кунда минг марта салавот айтса, жаннатдаги ўрнини билмай туриб ўлмайди” (Заиф ҳадис).

Салавот айтиш ва унинг фазилатлари ҳақида кўплаб мақбул ва мардуд, заиф ҳадислар мавжуд. Уларнинг умумий мазмунидан хулоса қилинса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар куни салавот айтиш имон ва ихлос тақазосидир. Олимлар энг кўп адад сифатида бир кунда 300 та салавот айтишни тавсия қиладилар.

Салавот лафзининг энг афзали ҳар намоз ичида айтиладиган машҳур салавотдир. Асосийси, саноқ ёхуд адад эмас – ихлос ва муҳаббат ила айтилган салавотдир!


Абдуллоҳ Сирожиддиннинг “Набий алайҳи васалламга салавот айтиш” китоби асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси
Н.Саидакбарова ва 2-курс талабаси М.Нигматова тайёрлади

Мақолалар