#xabar #zakot #fitr #fidya
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг милодий 2026 / ҳижрий 1447 йилги Рамазон ойи учун закот нисоби, фитр садақаси ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди, унга кўра:
Закот нисоби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб 100 000 000 (юз миллион) сўм деб белгилади.
Шунга кўра, камида 85 грамм тилла ёки 100 000 000 (юз миллион) сўм пул маблағи ёки ушбу қийматдаги тижорат моли бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (2,5%)ни закот ниятида камбағалларга бериши фарздир.
Фитр садақаси миқдори
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
≈ 2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
≈ 2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
≈ 4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
≈ 2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
≈ 4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фитр садақаси ниятида камбағалга берса кифоя қилади. Фитр садақасини Рамазон ойи давомида ҳайит намози ўқилгунга қадар бериш керак бўлади.
Фидя миқдори
Бир кунлик фидя миқдори фитр садақасининг миқдори билан бир хил бўлади.
Шундай экан, ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу беш маҳсулотдан хоҳлаган бири ёки унинг қийматини фидя ниятида беради.
Шарҳ (https://telegra.ph/shar%D2%B3-02-17)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Саҳарлик қилиб, рўза тутган аёл ифтордан олдин, масалан, пешин вақтида ҳайз кўриб қолса, кечгача ўзини рўзадор каби туриши керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор ҳолдаги аёлнинг кўрган қони ҳайз экани аниқ бўлса, ифторгача рўзадор ҳолда турмайди. Чунки у ҳайз кўриши билан рўзаси очилиб кетади ва унга еб-ичиши жоиз бўлади. Аммо буни ошкора қилмайди. Ифторгача ҳеч нима еб-ичмайман деб, емай-ичмай юриши тўғри эмас. Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий”да бундай дейилган:
“(Рўзадор) аёл ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзи очилади ва қазосини тутиб беради. У ўзини узрли кишиларга ўхшатиши шарт эмас. Чунки бундай аёлнинг рўза тутиши ҳаром бўлиб, ҳаромга ўхшатишлик ҳам ҳаромдир. Куннинг бир қисмида мусофир ўз шаҳрига етиб келса, касал тузалиб қолса, мажнун ҳушига келса, ҳайзли, нифосли аёл пок бўлиб қолса, буларнинг барчаси еб-ичишдан тийилиб туриши вожибдир. Саҳиҳ гап мана шу”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.