Бир намоздан кейинги намозгача, жумадан жумагача гуноҳлардан покланиш фурсати бўлса, Рамазондан келгуси рамазонгача – йиллик гуноҳлардан қутилиш учун энг қулай мавсумдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойга алоҳида эътибор берардилар. Ҳатто Ражаб ойи кирганда: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона”
“Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин” деб дуо қилардилар.
Рамазон жуда кўплаб яхшиликлар ҳамда имкониятлар ойидир. Уларнинг энг аввали – бу Қуръондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир”.
Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Алиф. Лаам. Мийм. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир”.
Аллоҳ таоло биринчи оятда рамазон ойида Қуръони каримни барча одамлар учун нозил қилганини, иккинчи оятда эса, Қуръон фақат тақводорларга ҳидоят манбаи эканини таъкидламоқда. Шу боис, рамазонда кўпчилик одамларнинг қўлига Қуръон олганини кўрасиз.
Қолаверса, рамазонда кўп Қуръон ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Жаброил алайҳиссалом билан Қуръонни дарс қилишарди. Шунинг учун биз ҳам, бу ойда кўпроқ Қуръон ўқиб, ўргансак Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз, Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилган бўламиз.
Рамазон – хайр-саховат ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетардилар.
Демак, рамазон ойида имкон қадар ҳар куни хайр-эҳсон, садақа беришга ҳаракат қилиш керак. Масалан, “Бир одам рамазонда 1000 (минг) риёл садақа қила олишг имкониятим етади” деса, шу минг риёлни ҳар куни бўлиб-бўлиб бериб борсин.
Бу билан сиз агар ҳар куни бир ёки бир нечта рўзадорнинг ифторлик қилишига сабаб бўлишингиз мумкин. Муҳими ҳар бир инсон қўлидан келган яхшилик қилиши керак.
Рамазондаги энг муҳим жиҳатлардан бири – бомдод ва хуфтон намозларини жамоат бўлиб ўқишга эътибор беришдир. Айримлар таровеҳ намозини қолдирмасдан ўқишади-ю, лекин фарз намозларга унчалик эътиборли бўлишмайди. Шуни билингки, бир фарз намозни (ўз вақтида) адо этиш, бутун Рамазон ойида қоим бўлишдан афзал туради. Чунки аввалгиси фарз амал бўлса, кейингиси нафлдир. Шунинг учун, аввало фарз намозларни ўз вақтида жамоат билан ўқиб, кейин нафл ибодатларни адо этиш лозим. Албатта, Рамазон ойининг кечаларини бедор ўтказиш амалларнинг энг афзали саналади.
Рамазон ойи яхшиликларга тўла ой. Ривоятларга кўра, бу ойнинг ҳар кечасида Аллоҳ таоло 600 мингта дўзахга маҳкум бўлганларни дўзахдан озод қилинади. Лекин Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам бир қанча фазилатлари бор, аммо аксарият одамлар бундан ғафлатда қоладилар.
Рамазон ойининг биринчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч қачон азобламайди.
Афсуски, кўпчилик бу кунни бозорда “ҳали уни, ҳали буни сотиб олишим керак” деган бекорчи ўй-ҳаёллар билан ўтказиб юборади.
Демак, банда рамазоннинг илк кунларидан бошлаб уни ғанимат билмоғи лозим экан.
Аллоҳ таоло рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Аммо аксар одамлар бу кечанинг фазилатларидан ҳам ғафлатда қоладилар. Айниқса, рамазоннинг охирги тоқ кечасини “Лайлатул қадр” кечаси сифатида бедор бўлиб ўтказадилар-у, лекин рамазоннинг сўнгги кечасига беэътибор бўладилар.
Қадр кечаси ҳар бир рўзадор алоҳида эътибор бериши керак бўлган муҳим кечадир. Лекин Аллоҳ таоло бу кечанинг қачонлигини яшириб қўйган. Нима учун? Чунки шунда биз бу кечани рамазон ойининг илк кунидан бошлаб кутамиз ва бутун рамазон кечасини ибодатда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Агар қадр кечасининг кунини аниқ билганимизда, эҳтимол рамазоннинг бошқа кунларини дангасалик билан ўтказиб юборган бўлардик. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан рамазондан тўлиқ фойдаланишимизни истайди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Набий алайҳиссалом ушбу дуони айтишга буюрдилар: “Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний” (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин).
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омийн”, дедилар.
Фараз қилинг, имтиҳон топишираётган талабаларга барча имконият ва воситалар муҳайё қилиб қўйилган бўлса, яъни имтиҳон мавзулари соддалаштирилган, имтиҳон қайси фандан бўлиши олдиндан айтилган, алоҳида муаллим бириктирилган, саволлар ўргатилган, ручка-қоғоз ҳам берилган. Фақатгина жавобларни ёзиш қолган. Лекин шунда ҳам талаба имтиҳондан йиқилса “Нега топшира олмадинг?” дейсиз-ми?!
Худди шундай, рамазон биз учун кўплаб яхшиликларга эришимиз учун жуда катта имкониятдир.
Рамазон ойида “Лаа илаҳаа иллаллоҳу ва настағфируллоҳ” зикрини айтиш Аллоҳни рози қиладиган амаллардан саналади.
Шунингдек, “насалукал жанната ва наъузу бика минаннар” дуосини ҳам кўп қилиш керак. Ўтган солиҳлар бу зикр ва дуоларни кўп айтардилар. Шундай экан, рамазоннинг ҳар куни “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ, астағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минаннар”ни кўп айтишга одатланинг.
Албатта, рамазон – тоат-ибодатлар ойи. Бу ойда кўпроқ намоз ўқиш, таҳажжудларда бедор бўлиш, тиловат, хайр-эҳсон, садақалар қилиш кўпайтирилади.
Аммо, бу ой – эҳтиёжларни, жамиятдаги ишларни тўхтатиб туриш ойи эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда янада фаол бўлардилар. Шу сабаб, кўплаб ғазотлар, фатҳлар ҳам айнан рамазон ойида бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзангизни, қилаётган дуо ва ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).
“(Улар) сабрли...”. Мўмин банда машаққатларга сабр қилади. Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлади. Имом Қуртубий оятда келган сабр ҳақида: “Гуноҳ ва масъиятлардан тийилишда сабр қилиш”, деса, баъзилар: “Итоатда сабрли бўлиш” дейди.
“...садоқатли...”. Садоқатли кишилар – имонда мустақим турувчилар, динда собит қадам бўлувчилар. Уларнинг содиқлиги айтаётган сўз ва бажараётган амалида намоён бўлади.
“...итоатли...”. Доимо Аллоҳга ибодатда бўлиш, ёлғиз Ўзигагина илтижо қилиш диннинг мағизи ва руҳидир.
“...саховатли...”. Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилувчилар, одамларга меҳр-мурувват кўрсатувчилар, ҳадя улашувчи саховатпешалар.
Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.
Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).
Яқуб (алайҳиссалом)га фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб (алайҳиссалом): “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ (раҳматуллоҳи алайҳ)дан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).
Ибн Жарир (раҳматуллоҳи алайҳ) Иброҳим ибн Ҳатиб (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода (розияллоҳу анҳу): “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).
Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).
Набий (алайҳиссалом) қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)дан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом): “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).
Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз-зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн” (Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).
Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий (алайҳиссалом): “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД