#xabar #ramazon
Шу йил 17 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Диний идора раҳбарияти, Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, бош имом-хатиблар, масжидлар имом-хатиблари, отинойилар ҳамда таълим муассасалари педагоглари иштирок этди.
Йиғилишда Давлатимиз Раҳбарининг муборак ойни ўтказишга доир қарори ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган муҳим топшириқлар ижросига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, мазкур ойни “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ва боқувчисини йўқотган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш ҳамда беморларнинг жарроҳлик амалиётларига ёрдам бериш каби хайрли ишларни тизимли ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Ўз навбатида, ифторлик маросимларида исрофгарчиликка йўл қўймасдан, хонадонларда яқинлар билан ихчам ва мазмунли ўтказишга эътибор бериш ҳамда кам таъминланган оилалар уйларида ифторликлар қилиб бериш орқали уларни кўнглини шод этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Улуғ ойда ибодатларни адо этиш учун мўмин-мусулмонларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида масжидларда хатми Қуръон ва таровеҳ намозларини тартибли ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, масжид ва зиёратгоҳларни обод ҳолатда тутиш, ибодат вақтида хавфсизлик чораларини кўриш, жумладан, ёнғин, техника ва транспорт хавфсизлигини қатъий таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Соҳа мутасаддиларига ОАВ орқали халқимиз орасида меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик туйғуларини кенг тарғиб қилиш, исрофгарчиликнинг салбий оқибатларини тушунтириш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.
Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.
Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:
— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.
Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.
Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.
Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.
Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.
Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА