#xabar #masjid #xatm
Жорий йил Рамазон ойида юртимиздаги 2101 та масжидда таровеҳ намози, шундан 1 762 дан зиёдида 27 кун давомида Қуръони карим хатм қилинади. Бунинг учун мазкур масжидларга 3,6 мингдан ортиқ хушовоз қорилар жалб этилади.
Таровеҳ намозининг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким Рамазон ойида иймон билан савоб умидида (таровеҳда) қоим бўлса, аввалги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий).
Демак, ушбу муборак ойни ғанимат билиб, Ҳақ таоло розилиги учун кундузлари рўзадор бўлиб, оқшомлари таровеҳ намозларидаги хатми Қуръонларда бардавом бўлсак, гуноҳларимиз кечирилиб, улкан ажру савобларга эга бўламиз, инша Аллоҳ.
Эслатиб ўтамиз, юртимиз масжидларида таровеҳ намози бугун, 18 февраль, чоршанба куни хуфтон намозидан кейин бошланади.
#taroveh #namoz #masjid #2026
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَرَضِي اللهُ عَنْهُ و عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رُبَّ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلَّا الْجُوعُ، وَرُبَّ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلَّا السَّهَرُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас», дедилар.
Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Шарҳ: Баъзи бир кишилар рўзани тутиб олиб, тилини тиймай, ёлғон гапирадилар, иғво, бўҳтон, ғийбат қиладилар, турли ёмон ишлардан ўзларини тиймайдилар. Бундай кишилар рўзанинг фойдасидан, савобидан маҳрум бўладилар. Уларга рўза тутишдан фақат оч қолганлиги қолади, холос.
Шунинг учун ким рўзадан тўла манфаат олмоқчи, савобига тўлиқ эришмоқчи бўлса, ўзини таом ва шаробдан ташқари беҳуда, бўлмағур гап-сўз ва амаллардан тиймоғи лозим.
Шунингдек, баъзи бир кишилар тунда таҳажжуд намоз ўқийдилар. Кейин эса ўша ишлари билан мақтаниб, риёкорлик қиладилар, ёлғон гапириб, нолойиқ ишларга қўл урадилар. Ана шундай одамлар ҳам тунда бедор бўриб қилинган ибодатларга бериладиган савоблардан бебаҳра қоладилар.
Шунинг учун ҳар бир ибодатни иложи борича риёкорликдан қочиб қилмоғимиз керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди