Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар бериб, бундай дер эдилар: "Сизларга Рамазон ойи келди — муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Унда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, итоатсиз шайтонлар занжирланади. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, ҳақиқатан маҳрум бўлибди" (Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: "Баъзи уламолар бундай дейишган: бу ҳадис одамларнинг бир-бирини Рамазон ойи билан табриклашига асосдир. Қандай қилиб мўмин жаннат эшиклари очилиши билан шодланмасин?! Қандай қилиб гуноҳкор жаҳаннам эшиклари ёпилиши билан шодланмасин?! Қандай қилиб ақлли инсон шайтонлар занжирланадиган вақт билан шодланмасин?! Бу замонга қайси замон ўхшайди?!”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга бу ой келди. Унда минг ойдан яхши бўлган Қадр кечаси бор. Ким у кечадан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумларгина бебаҳра қолади", деганлар (Ибн Можа ривояти).
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарз қилинган закот чўнтаклардан олинадиган солиқ эмас, балки у энг аввало инсонларга меҳр-мурувват ва раҳм-шафқат туйғу, шиорларини сингдириш, турли табақалар ўртасида танишув ва улфатлик муносабатларини мустаҳкамлашдир. Қуръони Каримда закот беришдан мақсад, ғоя баён этилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан: "Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуойинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир" (Тавба сураси, 103-оят) дейилган.
Шунингдек, закот жорий этилишининг энг муҳим ҳикматларидан бири, нафсни тубанлик кирлигидан тозалаш ва жамиятни олий даражага кўтаришдан иборатдир.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ.
Изоҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Закот — Исломнинг кўпригидир" деганлар. Закот бериш билан бевалар, етимлар, ногиронлар ва муҳтожларга ғамхўрлик қилинади. У инсонлар ўртасида алоқаларни яхшилаб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги кўприк.