Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон баъзан дунё ташвишларидан узилиб, Роббига яқинлашишни истайди. Ана шундай яқинликни бахш этадиган улуғ ибодат – рўзадир. Рўза қадимдан давом этиб келаётган илоҳий амр бўлиб, мусулмонларга ҳам шу азалий ибодатнинг мукаммал шакли инъом қилинди.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги: “Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сураси, 183-оят) ояти ила фарз бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар.
Рамазон – оддий вақт эмас. У Қуръон нозил бўлган, раҳмат эшиклари очилган, қалблар уйғонадиган муборак ойдир. Саҳарликнинг сокин баракаси, ифторнинг шукронали қувончи, кечалардаги ибодатларнинг нури мўмин қалбига алоҳида ҳузур бахш этади. Тонгдан қуёш ботгунча давом этадиган рўза бандага ҳар лаҳзада: “Мен буни Аллоҳ учун қиляпман”, деган шарафни эслатади.
Маълумки, рўза аввалги умматларга ҳам фарз қилинган эди. Ривоятларда насронийларга ҳам Рамазон рўзаси буюрилгани, аммо у оғир туюлгач фаслини ўзгартириб, кунларини кўпайтириб юборганлари зикр қилинади. Ислом эса рўзанинг асл ҳукмини сақлаб қолди. Рамазон қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар, мўмин уни муҳаббат ва итоат билан кутиб олади. Чунки ибодатнинг қадри қулайликда эмас, садоқатдадир.
Рамазон кирганда рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши лозим. Рўза тутган шахс иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Бу амаллар орқали руҳлар покланади, қалблар юмшайди. Бу ойда масжидлар обод бўлади, Қуръон тиловати кўпаяди, садақалар зиёда бўлади. Инсон ўз нафсидан устун келиб, ҳақиқий маънавий эркинликни ҳис қилади. Ҳар саҳарлик – умид, ҳар ифтор – шукр, ҳар ибодат – илоҳий яқинлик лаҳзасига айланади. Энг оддий неъматлар ҳам қадрли бўлиб қолади. Рўза инсонни сабрга, шукрга, меҳрга ўргатади. Тилни ёмон сўзлардан, қалбни гуноҳнинг ғуборларидан поклайди. Бир сўз билан айтганда Рамазон бандага Роббига яқинлашиш учун берилган энг бебаҳо имкониятдир.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб динмизга зид ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак.
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни қабул қилсин, қалбларимизни тақво билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин ва бизни Рамазон баракасидан тўлиқ насибадор айласин!
ЎТКИР ҒУЗАРОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўза руҳий покланиш билан бирга саломатликни тиклаш учун ҳам кони фойда. Олимлар тадқиқотига кўра, рўзадорлар қонидаги қанд, холестерин ва ёғлар текширилганда таҳлил натижаси жуда ижобий чиққан. Сабаби рўза тутганда инсоннинг тана аъзосида тўпланиб қолган ёғлар эрийди. Бу қондаги холестерин миқдорига яхши таъсир кўрсатади.
Рўзанинг инсон саломатлигига ижобий таъсири ҳақида парҳезшунос олимларнинг тиббий жиҳатдан тасдиқланган қуйидаги хулосаларини эътиборингизга тақдим этамиз:
Юрак – бу аъзо тана бўйлаб ҳайдайдиган қоннинг 10 фоизи таом ҳазм қилишга йўналтирилади. Рўза пайтида бу миқдор камаяди ва юракнинг ишлаш тезлиги бироз пасайиб унчалик чарчаб колмайди;
Қон – Рўзада қондаги сув миқдорини камайтириб, унинг қуюқлашишига олиб келади. Бу эса томирлардаги қон миқдорини камайтириб, простогландин моддаси ажралиб чиқишини кучайтиради. Бу модда қон айланиш тизими фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди;
Мия – Рўза вақтида тана аъзолари ўз заҳирасининг бир кисмини истеъмол қилиши натижасида холестерин микдорини пасайтиради. Бу эса инсульт бўлиш эҳтимолини камайтиради;
Тери – Бу пайтда рўзада сув миқдори камаяди ва натижада кўплаб тери касалликларига шифо бўлади. Шунингдек, иммунитет ошиши, тери ҳасталиклари пайдо бўлиши эҳтимоли, аллергия касалликлари камайиши, ҳуснбузарлар йўқолиши, ҳатто айрим ҳолларда саратон касалликларига ҳам шифо бўлади;
Меъда – Ошқозон шираси рўза пайтида камроқ ишлаб чиқарилади. Натижада ошкозондаги кислота миқдори камайиб, ярали касалликлар пайдо бўлиш эҳтимоли пасаяди;
Жигар – бу аъзо рўзада ўз фаолиятини кучайтиради. Тана аъзосидан пешоб пуфаги ва йўғон ичак орқали заҳарли моддалар чиқиб кетади.
Ошқозон ости бези – Рўза ошқозон ости безига дам олиш имкониятини беради. У қандни тўқималарда тўпланадиган қуруқ ёки ёғли моддага айлантирадиган инсулин ажратиб чиқаради. Инсон танасида инсулин таом кўплиги сабаб меъёридан ортса, ошқозон ости безига зиён етказади ва чарчоқ келтириб чиқаради. Оқибатда у ўз фаолиятини бажаролмай, қонда қанд моддаси тўпланиб қолишига олиб келиши мумкин.Бу эса қандли диабетни келтириб чиқаради.
Ўрни келганда айтиш жоиз, ифтор вақтида ҳаддан ташқари кўп таом истеъмол қилиш, қоринни туйдириб юборишдан сақланиш лозим. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига хилоф бўлиш билан бирга, очлик “таъми”ни татиб кўриш тўла амалга ошмайди.
Манбалар асосида
ЎМИ ҳамшираси
Н.Туйчиева тайёрлади