Бугун Жиззах вилоятида ушбу муборак ойнинг файзу баракаси яққол сезилмоқда. Воҳадаги 170 та масжидда таравеҳ намозлари мунтазам адо этилмоқда. Уларнинг 124 тасида 208 нафар қори томонидан хатми Қуръон қилинмоқда. Бу рақамлар — қуруқ статистика эмас, балки юзлаб қалбларнинг Қуръон нуридан баҳраманд бўлаётганининг амалий ифодасидир.
Таравеҳ намозлари вилоятдаги барча масжидларда бир хил вақтда — соат 20:30 да бошланмоқда. Бу тартиб ва интизом ибодатда ҳамжиҳатликни таъминлаб, жамоатни ягона мақсад атрофида бирлаштирмоқда. Ислом манбаларида таъкидланганидек, таравеҳ намози Рамазон ойига хос суннат амаллардан ҳисобланади ва асрлар давомида мусулмон уммати томонидан адо этиб келинмоқда.
Таравеҳ намозлари 27 кун давомида ўқилиб, Лайлатул қадр кечаси билан якунланади. Лайлатул қадр — Қуръон нозил бўла бошлаган, минг ойдан яхшироқ деб васф этилган муборак кечадир. Ушбу муборак тун арафасида хатми Қуръон қилиш юртдошларимиз учун улкан маънавий ютуқ, қалблар учун беқиёс зиё манбаидир.
Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Жиззах вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов таъкидлаганидек:
— Аллоҳ кечиргувчи ва Ул зот кечиримлиларни яхши кўради. Рамазон — нафақат рўза тутиб, гуноҳлардан тийилиш, балки бир-биримизни кечириш, кимнидир ранжитган бўлсак, узр сўраш ойидир.
Дарҳақиқат, бу ой инсонни нафс билан курашга, бағрикенгликка, меҳр-оқибатга чорлайди. Масжидлардаги маърифий суҳбатлар, Қуръон тиловати ва жамоат ибодати — барчаси жамият маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда имом-хатиблар ҳомийлар кўмагида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйларида ифторликлар ташкил этмоқдалар. Турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилиши Рамазоннинг саховат ва ҳамдардлик руҳини янада мустаҳкамламоқда. Бу ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг амалий ифодасидир.
Масжид — фақат ибодат жойи эмас, балки маърифат, тарбия ва ҳамжиҳатлик маскани. Рамазон ойида бу масканлар янада файзли, янада гавжум бўлади. Қуръон садоси остида инсон ўз қалбини тинглайди, хатоларини англайди, эзгуликка интилади.
Жиззахдаги бу манзара — юртимизда диний-маърифий ҳаёт барқарор ва изчил ривожланаётганининг ёрқин ифодасидир. Тартиб-интизом, жамоатчилик бирдамлиги ва саховатпешалик — барчаси Рамазоннинг мазмун-моҳиятига мос тарзда намоён бўлмоқда.
Рамазон — кечирим ойи;
Рамазон — бирдамлик ойи;
Рамазон — қалбларни нурга тўлдириш ойи.
Жиззахда эса бу нур 170 масжиддан таралиб, минглаб хонадонларга зиё бахш этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА
Жорий йил 11 апрель куни пойтахтимиздаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида у киши таваллудининг 74 йиллигига бағишланган «Ёшларга соф Ислом маърифатини танитиш ва уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ўрни» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда юртимизнинг таниқли уламолари, фан докторлари, исломшунос тадқиқодчилар, Шайх ҳазратнинг яқинлари, шогирдлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар Шайх ҳазратларининг юртимизда диний-маърифий билимларни юксалтириш, умматни бирлик ва ҳамжиҳатликка чорлаш ҳамда тафриқага барҳам бериш йўлидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф этди.
Таъкидланганидек, Шайх ҳазрат қолдирган бой илмий мактаб ва бебаҳо асарлар бугунги кунда ёш авлодни соғлом эътиқод, ватанпарварлик ва мўътадиллик руҳида тарбиялашда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Маърифий тадбир доирасида экстремизмга қарши маърифат билан курашиш ва тинчликни асрашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Анжуман иштирокчилари томонидан ўзбек, турк, инглиз, араб ва рус тилларида тақдим этилган мақолалар жамланган махсус илмий тўплам нашр этилиши режалаштирилган.
Бу каби анжуманлар Шайх ҳазратларининг меросини замонавий тадқиқотлар билан бойитган ҳолда халқимизга етказиш ва жамиятда маънавий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати