Рамазон меҳр-мурувват ва саховат ойи экани Ўзбекистонда яққол билинади. Юртингизда муборак Рамазон ойи муносабати билан ўтказилаётган ифторлик тадбирлари одамлар орасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлаётгани қувонарлидир. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган инсонларга алоҳида эътибор қаратилаётгани бу хайрли ишларга янада барака бағишламоқда.
Хорижлик устоз сифатида шуни мамнуният билан таъкидламоқчиманки, мамлакат раҳбарияти томонидан Рамазон ойида аҳолини қўллаб-қувватлаш, хайрия ва ифторликларни кенг йўлга қўйишга қаратилаётган ташаббуслар юксак инсонпарварлик намунасидир. Жойларда Президент томонидан ажратилган маблағларнинг ўз эгаларига манзилли етказилаётгани, бу борада очиқлик ва адолат тамойилларига амал қилинаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.
Бундай эзгу ишлар нафақат эҳтиёжманд инсонлар қалбига шодлик улашмоқда, балки жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, биродарлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамламоқда. Рамазон ойининг асл руҳи ҳам айнан шундай — эҳсон қилиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва савобли амалларда мусобақалашишдир.
Аллоҳ таоло юртимизда амалга оширилаётган барча хайрли ишларга барака ато этсин, халқимиз орасидаги меҳр-мурувват ва саховат фазилатларини янада зиёда қилсин.
Доктор Салоҳ Исо,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Имом Термизий номидаги ислом институти ва таълим муассасалари фаолияти билан танишди
Шу йил 27 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Имом Термизий номидаги ислом институти, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлдилар.
Танишув асносида Муфтий ҳазратлари янги барпо этилаётган институт ва мадраса биноларининг қурилиш жараёни, замонавий ўқув хоналари, маъруза заллари, кутубхона, ётоқхона ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган маскан лойиҳаси билан танишди.
Қурилиш ишлари кўздан кечирилиб, масъулларга барпо этилаётган иншоотларда пухталик, замонавийлик ва қулайлик тамойилларига қатъий риоя этиш бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
“Имом Термизий” таълим муассасаси
Матбуот хизмати