Шодлик келмоғидан умидингми уздинг,
Улуғ зот тақдирига қани иймонинг?
Аллоҳнинг йўлида сизга етган барча нарса Унинг изни ила гуноҳларингизга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إذا صلت المرأة خمسها وصامت شهرها وحفظت فرجها وأطاعت زوجها قيل لها ادخلي من أي أبواب الجنة شئت
«Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, фарз рўзасини тутса, номусини сақласа ва эрига итоат қилса унга “жаннат эшикларидан хоҳлаганингдан киравер дейилади”» (Имом ибн Ҳиббон ривояти).
Бу улуғ амалларни бажарсангиз меҳрибон ва раҳмли Зотга йўлиқасиз ҳамда У сизга дунё ва охиратда ёрдам беради.
Шариат белгилаган ўринда тўхтанг. Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари йўлидан юринг. Сиз муслимасиз. Бу эса улуғ шараф, улкан фахрдир. Сиздан бошқалар эса насроний, яҳудий, динсизлик ёки умуман Исломга мухолиф бўлган миллат ва элатларда туғилган. Аммо сизни Аллоҳ муслима қилишни ихтиёр этди. Сизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изидан борувчилардан қилди ҳамда Оиша, Хадижа ва Фотима розияллоҳу анҳумга эргашганлардан қилди. Сизни беш маҳал намоз ўқишингиз, Рамазон рўзасини тутишингиз ва ҳар томонлама иффатингизни сақлашингиз ёқимли эмас-ми? Аллоҳни Робб, Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар деб билишингиз энг қадрли неъмат, бахтингиз эмас-ми?!
Шуъла: Сизнинг динингиз олтинингиз, ахлоқингиз безагингиз ва одобингиз эса мол-мулкингиздир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Рўзадорлар учун дарслар" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД