Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ушбу ҳудуддаги давлатларга сафар уюштирмаслик, айни пайтда, ўша ерларда бўлиб турган ватандошларимизга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.
Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилади.
Жумладан, 2026 йил 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан режалаштирилган Тошкент–Жидда йўналишидаги навбатдаги умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилишини маълум қиламиз.
Авиақатновлар қайта тикланиши ҳақида расмий манбалар орқали қўшимча ахборот берилади.
Юртдошларимиздан ушбу ҳолатни тўғри қабул қилишларини ва расмий маълумотларга таяниб иш юритишларини сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати